date

Пенсионерлар тажрибаси ҳуқуқбузарликлар профилактикасида: янги тизим ишга тушди

Пенсионерлар тажрибаси ҳуқуқбузарликлар профилактикасида: янги тизим ишга тушди

Тошкент ва Фарғона вилоятларида жиноятчилик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига замонавий ёндашув жорий этилди. Ички ишлар вазирининг янги буйруғига кўра, эндиликда профилактика соҳасида кўп йиллик амалий тажрибага эга бўлган, ички ишлар органларининг собиқ ходимлари – пенсионерлар шартнома асосида ушбу муҳим йўналишга жалб қилинади, деб хабар берди norma.uz.

Ушбу ташаббус «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонун ҳамда давлат раҳбарининг шахсий таркиб билан ишлаш ва хизматни такомиллаштиришга оид қарори асосида ишлаб чиқилган. Мақсад – аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳудудларида жиноятларнинг олдини олиш, тажрибали кадрлар салоҳиятидан тўла фойдаланиш орқали ҳуқуқбузарликларга қарши кураш самарадорлигини оширишдир.

Низомга мувофиқ, пенсионерлар фақатгина ихтиёрий ва очиқ танлов орқали ишга қабул қилинади. Танловда иштирок этишда жинс, ёш, ижтимоий мақом ёки миллат бўйича ҳеч қандай чеклов ва камситиш йўқ. Асосий талаблар – ички ишлар органларида камида 5 йиллик амалий тажриба, иш ҳақида ижобий тавсиялар ва соғлиғи бўйича чекловларсизлик, судланганликнинг мавжуд эмаслиги.

Ички ишлар органлари ҳар йили маҳаллаларда жиноятчилик ҳолатини таҳлил қилиб, муаммоли ҳудудлар рўйхатини янгилаб боради. Танлов жараёнида номзодлар суҳбат асосида 5 баллик тизимда баҳоланади; агар баллар тенг келса, якуний қарор комиссия раисига тегишли бўлади.

Танлов ғолиблари билан шартнома имзоланади ва улар ҳар ойда пенсияларига тенг равишда ойлик тўлов олади. Бу маблағлар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.

Янги низомнинг жорий этилиши натижасида ички ишлар вазирлигида тажрибага эга пенсионерларнинг билим ва кўникмалари муаммоли ҳудудларда самарали қўлланилади. Бу, ўз навбатида, жамоатчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Мазкур ташаббус ёрдамида ҳуқуқбузарликлар профилактикасида янги босқич бошланмоқда — ижтимоий ҳимоя ва хавфсизлик борасида аҳоли учун қўшимча имкониятлар яратилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Пенсионерлар тажрибаси ҳуқуқбузарликлар профилактикасида: янги тизим ишга тушди