БМТ: 2025 йилда 47 минг аёл ва қиз яқинлари томонидан ўлдирилган

2025 йил давомида дунё бўйлаб қарийб 47 минг нафар аёл ва қиз ўз турмуш ўртоғи, яқин муносабатда бўлган шахси ёки оила аъзолари томонидан қасддан ўлдирилган. Бу ҳар куни ўртача 129 нафар, ҳар соатда эса беш нафар аёл ва қиз ҳаётдан кўз юмганини англатади. Бу ҳақда БМТнинг 24 ноябрь куни эълон қилинган ҳисоботида маълум қилинди.
БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда БМТ-Аёллар ташкилоти тайёрлаган ҳисоботга кўра, 2025 йилда дунёда 78 минг нафар аёл ва қиз қасддан ўлдирилган. Уларнинг 60 фоизи яқин шериги ёки оила аъзолари қўлида ҳалок бўлган. Бу аёллар учун энг хавфли жойлардан бири ҳануз уй эканини кўрсатади.
Яқинлари томонидан ўлдирилган аёллар сони бўйича Африка биринчи ўринда — 22,1 минг нафар. Кейинги ўринларда Осиё (15,1 минг), Америка (7,4 минг), Европа (2,1 минг) ва Океания (300 нафар) қайд этилган. Аҳоли сонига нисбатан энг юқори кўрсаткич ҳам Африкада кузатилган.
Ҳисоботда бундай қотилликлар кўпинча узоқ вақт давом этган зўравонлик, таҳдид ва тазйиқлардан кейин содир бўлиши таъкидланган. Шунингдек, Америка ва Европада аёлларга нисбатан қотиллик кўрсаткичлари умумий қотиллик ҳолатларига қараганда озроқ камайган.
Қайд этиш жоиз, 2025 йилдаги 47 минг нафарлик кўрсаткич 2024 йилдаги 50 минг нафардан кам бўлса-да, БМТ буни зўравонлик камайганининг белгиси сифатида баҳоламаслик кераклигини таъкидлаган. Фарқ, асосан, мамлакатларда маълумотларни тўплаш имкониятлари яхшилангани билан боғлиқ.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…