“Фарғонадан кетгим келмайди” — Отабек Муҳаммадзоҳид (видео)

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Отабек Муҳаммадзоҳид Фарғонадан кетишни истамаслигининг асосий сабаби сифатида маҳаллий аҳолининг самимияти, меҳр-оқибати ва ўзига бўлган ҳурматни кўрсатди.
- У Фарғонада бемалол бозорга ўзи бориб харид қилишини ва кўчада нотаниш одамлар ҳам самимий саломлашиб ўтишини таъкидлади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Отабек Муҳаммадзоҳид “Наво меҳмонда” лойиҳасида нега Фарғонадан кетишни истамаслиги ҳақида гапирди. Хонанда туғилиб ўсган ҳудудидаги самимий муҳит, одамларнинг меҳр-оқибати ва ўзига бўлган ҳурмати унинг учун катта бахт эканини таъкидлади.
Санъаткорнинг айтишича, у Фарғонада бемалол бозорга ўзи бориб, харидларини амалга оширади. Кўчада эса бир-бирини таниган ёки танимаган одамлар ҳам самимий саломлашиб ўтади.
“Фарғонадан нега кетмайман, биласизми? Бу ерда бозорга ҳам ўзим чиқаман. Одатда харид қиладиган жойим бор, ўша ердан гўшт, картошка оламан. Таниган-танимаган, ҳатто нотаниш одамлар ҳам кўча-кўйда бир-бирига эътибор беради, салом бериб ўтади. Машинада кетаётган бўлса ҳам, ҳеч бўлмаса бошини қимирлатиб қўяди. Кўз тегмасин, Фарғонамизда шундай одатлар ҳали ҳам йўқолгани йўқ. Бу бахт, укажоним!
Биз ҳам сал-пал танилган одамлармиз. Бирор жойга борганингизда сизга меҳр билан қараб турган нигоҳларга дуч келишдан ортиқ бахт бўлмаса керак”, — деди Отабек Муҳаммадзоҳид.
Бошловчи хонандадан Тошкентда ҳам ижод қилиш имконияти борлигини, бироқ Фарғоналикларнинг меҳр-муҳаббати уни шу ерда қолишга ундашини сўради.
Отабек Муҳаммадзоҳид эса Фарғонадан кетишни истамаслигининг яна бир сабаби борлигини айтди. Унинг таъкидлашича, оилада ягона ўғил экани ҳам бу қарорига таъсир қилган.
“Битта ўғил бўлганлигим ҳам. Тошкентда биз бормасак ҳам санъаткорлар кўп. Масалан, ҳар бир соҳада истеъдоди бор инсонлар Тошкентга кетаверса, вилоятларда ким қолади? Фақат санъатдагилар эмас, қурилиш, банк, иқтисод, фармацевтика ёки тиббиёт соҳасидаги истеъдодли инсонлар ҳам пойтахтга кетаверса, вилоятларда ким қолади?” — дея фикрини якунлади хонанда.






























Изоҳлар 0
…