Мэрайя Кэрининг битта қўшиғи 92 миллион доллар даромад келтирди

Баъзан биттагина қўшиқ санъаткорнинг бутун ҳаётини ўзгартириши, уни мусиқа тарихида ўчмас из қолдирган ижодкорлар қаторига олиб чиқиши мумкин. Америкалик хонанда Мэрайя Кэри учун бундай муваффақият 1994 йилда яратилган машҳур «All I Want for Christmas Is You» композицияси билан боғлиқ. Орадан 30 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, ушбу қўшиқ ҳар йили декабрь ойи яқинлашиши билан хит-парадларнинг юқори поғоналаридан жой олади. Энг қизиғи, у хонанданинг энг барқарор ва сердаромад манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.
«The Economist» таҳлилчилари ҳисоб-китобларига кўра, мазкур композиция Мэрайя Кэрига ҳар йили қарийб 2,5 миллион доллар даромад келтиради. Бошқа молиявий экспертлар эса бу кўрсаткич бироз юқорироқ бўлиб, 3 миллион долларгача етиши мумкинлигини таъкидлайди.
Қўшиқдан тушадиган маблағлар асосан учта асосий манба — стриминг платформаларидаги тингланишлар, радиостанциялар эфирлари ва муаллифлик ҳуқуқи учун тўланадиган ҳақлар ҳисобига шаклланади. Шу тариқа, бир неча ўн йил аввал яратилган композиция бугун ҳам хонанда учун мунтазам даромад келтиришда давом этмоқда.
Қўшиқнинг оммалашув кўлами ҳақиқатан ҳам эътиборга молик. Жумладан, Spotify платформасининг ўзида «All I Want for Christmas Is You» композицияси 2,24 миллиард мартадан ортиқ тингланган. Айниқса, Рождество байрами яқинлашган сари унинг тингланиш кўрсаткичлари кескин ўсади. Масалан, 2023 йилда 1 декабрдан 25 декабргача бўлган даврда қўшиқ ҳар куни ўртача 10–12 миллион марта тингланган.
«Forbes» нашри ҳисоб-китобларига кўра, композиция тақдим этилганидан буён Мэрайя Кэри ва унинг ҳаммуаллифи Уолтер Афанасефф қўшиқдан умумий ҳисобда 92 миллион доллардан ортиқ муаллифлик даромади олган. Бу эса уни мусиқа тарихидаги энг сердаромад Янги йил ва Рождество мавзусидаги композициялардан бирига айлантирган.
«All I Want for Christmas Is You»нинг муваффақияти фақат мусиқий платформалар ва муаллифлик тўловлари билан чекланиб қолмайди. Ушбу қўшиқ Мэрайя Кэрининг тижорий имкониятларини ҳам сезиларли даражада кенгайтирган. Хонанда ҳар йили композициянинг оммалашувидан фойдаланиб, турли брендлар билан реклама шартномаларини имзолайди, махсус Рождество шоуларини ташкил этади. Шунингдек, Netflix ва Apple TV+ каби йирик платформаларда байрам мавзуидаги концерт дастурлари билан ҳам иштирок этади.

Бироқ Мэрайя Кэри учун ушбу қўшиқнинг қадри фақат молиявий муваффақият ва катта даромад билан ўлчанмайди. Композиция хонанданинг болалик хотиралари, орзу-умидлари ва оилавий ҳаёти билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
У 2019 йилда «Cosmopolitan» нашрига берган интервьюсида Янги йил ва Рождество байрамларига бўлган муносабати ҳақида сўз юритган эди.
«Мен болалигимдан Янги йил байрамини орзиқиб кутганман, лекин ёшлигимда бу байрам ҳеч қачон ҳақиқий эртакка айланмаган. Оилам нотинч эди. Шунинг учун улғайганимда, ўзим учун ҳам, фарзандларим учун ҳам ҳар Рождествони сеҳрли вақтга айлантиришга аҳд қилдим», — деган эди хонанда.
Шу тариқа, бир вақтлар яратилган оддий байрам қўшиғи Мэрайя Кэрининг нафақат ижодий фаолиятидаги энг катта ютуқларидан бирига, балки ўнлаб йиллар давомида миллионлаб доллар даромад келтирувчи ҳақиқий мусиқий брендга айланди.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…