Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги “Universal Mobile Systems” (Mobiuz) уяли алоқа операторини хусусийлаштириш борасида навбатдаги маълумотларни ошкор қилди.
Савдо жараёни ва иштирокчилар
Июнь ойида старт олган оммавий савдо жараёнида стратегик ва молиявий маслаҳатчилар сифатида KPMG ҳамда Rothschild & Co жалб қилинган. Икки ой давомида улар 100 дан ортиқ потенциал инвесторлар билан музокаралар олиб борди.
2025 йил 1 август куни соат 18:00 (Тошкент вақти)га қадар АҚШ, Европа, Араб давлатлари, Яқин Шарқ, Кавказорти, Шарқий ва Марказий Осиёдан жами 15 та хорижий ва маҳаллий компания активни сотиб олишга қизиқиш билдирган.
Талаблар ва кейинги босқич
Барча мурожаатлар белгиланган мезонлар бўйича текширилди:
-
молиявий имкониятларнинг етарлилиги;
-
ҳуқуқий тўсиқлар йўқлиги;
-
жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши қонунчиликка риоя этилиши;
-
ЕИ, АҚШ ёки халқаро молия институтлари санкциялар рўйхатларига кирмаслик;
-
давлат компанияси мақомига эга бўлмаслик.
Шу талабларга жавоб берган иштирокчилар тендернинг кейинги босқичи — мажбуриятсиз таклифларни тақдим этиш жараёнига ўтказилади. Улар билан ахборотни ошкор этмаслик тўғрисида шартнома имзоланганидан сўнг, ахборот меморандуми ва актив ҳақидаги бошқа маълумотларга кириш ҳуқуқи берилади.
Мажбуриятсиз таклифлар 2025 йил 15 октябр, соат 23:59 (Тошкент вақти)га қадар қабул қилинади.
Mobiuz ҳақида қисқача
Mobiuz — Ўзбекистондаги тўртинчи йирик мобил оператор. Fitch Solutions маълумотларига кўра, 2024 йил охирида мамлакат мобил бозорида 35,6 млн абонент бўлган, шуларнинг 20,9% Mobiuz ҳиссасига тўғри келади.
2024 йилда компания 164 млн доллар соф даромад ва 41 млн доллар ЭБИТДА кўрсаткичини қайд этган.
Инвесторлар ва кутилган сумма
Компания хусусийлаштирилиши 2025 йил июнь ойида эълон қилинган. Илк босқичда Қатар, Саудия Арабистони, Озарбойжон ва Европадан инвесторлар қизиқиш билдирган.
Bloomberg’нинг хабар беришича, ҳукумат Mobiuz сотувидан 300 млн доллар жалб этишни мақсад қилган. Давактив бевосита изоҳ бермаган, аммо мақоланинг асосий тезисларини ўз каналида жойлаштирган.
Саволлар очиқ қолмоқда
Kun.uz таҳририяти Давлат активларини бошқариш агентлигига қатор саволлар йўллаган, аммо қарийб бир ойдирки, жавоб олмаган:
-
Bloomberg тезисларини эълон қилишдан мақсад нима бўлган?
-
Mobiuz нархи ҳақидаги режа аниқ 300 млн доллар ёки ундан кўпми?
-
Потенциал харидорлар учун инвестиция, хизмат сифати, иш ўринларини сақлаш каби қўшимча шартлар борми?
-
Rothschild & Co иштирокининг аниқ функциялари нималардан иборат?
-
2013 йилдаги MTS билан боғлиқ мусодара ва миллийлаштириш ҳолатлари хорижий инвесторларга қандай тушунтирилаяпти?