date

Ўзбекистондаги ишсизлар сони ҳақида маълумот берилди

Ўзбекистондаги ишсизлар сони ҳақида маълумот берилди

2025 йилнинг 1 июл ҳолатига иқтисодиётда иш билан банд аҳоли сони 14,6 млн нафарни ташкил этади.

Ишсизлар сони эса, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотларига кўра, 800 минг нафар.

Меҳнат бозорида қамраб олинмаган аҳоли, жумладан болалар, талабалар, нафақахўрлар ва бошқалар сони 22,5 млн, шундан меҳнатга лаёқатли ёшгача бўлган аҳоли сони 12 млн нафарга тенг бўлди.

Марказий банкнинг қайд этишича, мамлакатда аҳолининг доимий ўсиб бориши ва таркибий жиҳатдан ёшлар жами аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, келгусида меҳнат бозори учун босим яратиши мумкин.

«Хусусан, ҳозирги меҳнатга лаёқатли ёшгача бўлган аҳоли аста-секин меҳнат бозорига қўшилиб, иш ўрнига бўлган талабни сезиларли оширади ҳамда бандлик, иш ҳақи даражаси ва иқтисодий унумдорликка таъсир кўрсатади. Шунингдек, сўнгги даврларда меҳнатга лаёқатли ёшдаги (15-64 ёш) аҳоли сони ўсиш суръатининг сезиларли юқорилаши кузатилмоқда», – дейилади Марказий банк шарҳида.

Хусусан, ўсиш суръати 2022 йилдаги 0,8 фоиздан 2025 йилнинг 2-чорагида 1,4 фоизгача ошган.

Бу асосан аҳолининг таркибий ўзгариши, унда ёшлар улушининг ўсиб бориши ва уларнинг меҳнат бозорига тез кириб келиши билан ифодаланади. Келгусида ушбу тенденциянинг сақланиб қолиши ҳамда меҳнат бозорида ишчи кучи таклифининг самарали ўзлаштирилиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, талаб томондан инфляцион босим кўпайишига хизмат қилиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистондаги ишсизлар сони ҳақида маълумот берилди