Ўзбекистонлик олимлар офтальмология соҳасида яна бир муҳим ютуққа эришди. Мутлақо янги технология асосида яратилган “GLAZAVIR” номли инновацион доривор плёнка вирусли кўз касалликларини даволашда янги даврни бошлаши мумкин.
Тадқиқот натижаларига кўра, мазкур плёнка нафақат вирусларга қарши самарали таъсир кўрсатади, балки инсон иммун тизимини мустаҳкамлайди, кўз тўқималарининг тикланишини тезлаштиради ва антипролифератив хусусиятларини ҳам намоён этади.
Олимлар таъкидлашича, “GLAZAVIR” одатдаги кўз томчиларига нисбатан анча устун. Чунки у юқори қовушқоқликка эга бўлиб, шох пардадаги суюқлик билан узоқ вақт таъсирлашади ва доривор моддаларнинг кўзга бир хил тарзда тарқалишини таъминлайди. Плёнка кўзнинг қуйи қобиғига қўйилганда белгиланган вақт давомида босқичма-босқич эрийди ва моддалар узоқ муддат таъсир кўрсатади.
Шунингдек, маҳсулотни қўллаш жуда қулай — суткасига 1–2 марта етарли. Уни организм осон қабул қилади, салбий таъсирлар қайд этилмаган. Энг муҳими, у биопарчаланувчан хусусиятга эга бўлиб, кўзда нохуш ҳолатларни келтириб чиқармайди.
Мутаҳассислар фикрича, янги доривор плёнка юқори самарадорлиги, узоқ муддатли таъсири ва кўз тўқималарига мос биологик хусусиятлари билан ажралиб туради. Шу боис, у кўз томчиларига қараганда сезиларли даражада кўпроқ терапевтик афзалликка эга.
“GLAZAVIR” инновацион маҳсулоти нафақат офтальмология соҳасида, балки тиббиётнинг умумий йўналишларида ҳам янги имкониятлар эшигини очиши мумкинлиги қайд этилмоқда. Олимлар бу кашфиёт мамлакат тиббиётида вирусли кўз касалликларига қарши курашда янги босқични бошлаб беришига ишонч билдиришмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!