date

Чегарадаги фожиали воқеа юзасидан расмий хулоса берилди

Чегарадаги фожиали воқеа юзасидан расмий хулоса берилди

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари тарқатган маълумотга кўра, Қирғизистон фуқаролари ўлими билан якунланган воқеада уларга нисбатан қурол ишлатган ўзбекистонлик чегарачиларнинг ҳаракатлари қонун доирасида ва асосли деб баҳоланди.

Тафсилотларга кўра, 15 август куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Угам-Чотқол қўриқхонаси яқинида чегара ҳудудида икки нафар номаълум шахснинг ҳаракатланиши аниқланган. Чегара хизматчилари ўз ваколатидан келиб чиқиб, уларга тўхташ ҳақида талаб қўйган. Бироқ шахслар буйруққа итоат этмасдан қочишга уринишган.

Шундан сўнг қоидаларга мувофиқ, чегарачилар аввал осмонга қарата бир неча бор огоҳлантирувчи ўқ узишган. Бироқ улар қонуний талабларга бўйсунмай, давлат чегараси йўналиши томон ҳаракатни давом эттирган. Вазирлик ахборотига кўра, сўнгги чора сифатида қурол ишлатишга тўғри келган.

Ҳодиса натижасида икки шахс оғир яраланиб, ҳарбий хизматчилар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, воқеа жойида ҳалок бўлган. Кўрик жараёнида бир дона чодир, уч бош от, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда яширинишга улгурган учинчи шахснинг излари топилгани маълум қилинди.

Расмийлар маълумотига кўра, воқеа юзасидан шу куннинг ўзида Қирғизистон ва Қозоғистон чегара хизматлари хабардор қилинган. 31 август куни ҳалок бўлган шахслар Қирғизистон фуқаролари эканлиги аниқланиб, уларнинг жасадлари қариндошларига топширилган.

Шунингдек, 2–3 сентябрь кунлари Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара идоралари раҳбарлари келишувига кўра, ҳодиса жойи икки томонлама кўздан кечирилган. Ўтказилган ўрганишлар натижасида чегара нарядининг ҳаракатлари Ўзбекистон қонунчилиги доирасида амалга оширилгани, ҳалок бўлган шахслар давлат чегарасини бузгани ҳамда учинчи шахснинг Қирғизистон ҳудудига қайтиб, яширинишга улгургани комиссия томонидан расман тасдиқланган.

Шу билан бирга, қочган шахсни аниқлаш ва тегишли чора кўриш юзасидан ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилган. Расмий баёнотда таъкидланишича, бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида икки мамлакат чегара олди ҳудудларида истиқомат қиладиган аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, мураккаб тоғли ҳудудларда қўриқлаш ва ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинган.

Бу воқеа, икки давлат чегарадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва келгусида шундай фожиали ҳолатларнинг олдини олиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Чегарадаги фожиали воқеа юзасидан расмий хулоса берилди