Ўзбекистонда инновацион ривожланиш ва илмий салоҳиятни ошириш мақсадида Инновацион ривожланиш агентлиги ёш олимлар учун махсус танлов эълон қилди.
Маълум қилинишича, агентлик томонидан ташкил этилган танлов ёш олимларни хорижий илмий ва тадқиқот муассасаларида малакасини янада мустаҳкамлаш ва илмий тажриба тўплаш учун юборишга қаратилган. Ушбу танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 декабрдаги ПҚ-455-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги 222-сон қарори билан тасдиқланган низом асосида амалга оширилмоқда.
Танлов натижасида сараланган ёш олимлар 2025 йил мобайнида АҚШнинг Техас университетида 6 ойлик илмий стажировкада фаолият юритадилар. Ушбу стажировка давомида улар аниқ илмий вазифаларни бажариш, тадқиқот жараёнида янги тажриба олиш ва малакасини янада ривожлантириш имкониятига эга бўлади.
Номзодларни тавсия қилиш жараёни Олий таълим муассасалари ҳамда илмий тадқиқот ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Барча ҳужжатлар фақат “internship.ilmiy.uz” ягона электрон платформаси орқали қабул қилинади. Шу билан бирга, бошқа манзиллар ёки почта орқали юборилган ҳужжатлар расман кўриб чиқилмайди.
Танлов жараёнида маълумотларнинг тўлиғлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш, шунингдек, тавсия этилган номзодларнинг стажировкада қатнашишини кафолатлаш масъулияти буюртмачи ташкилот раҳбари зиммасига юкланади. Бу эса танловнинг шаффоф ва адолатли ўтишига хизмат қилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!