date

Нотариуслар фаолиятида янги электрон қоидалар жорий этилади

Нотариуслар фаолиятида янги электрон қоидалар жорий этилади

Юртимизда нотариал хизматлар кўрсатиш тартиблари босқичма-босқич янгиланмоқда. Ҳукумат қарорига асосан, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар учун бир қатор енгилликлар амалга киритилади. Бу жараён замонавий ахборот технологиялари ва электрон тизимлар орқали хизмат сифатини ошириш, инсон омили таъсирини камайтириш ҳамда тезкорликка эришишга қаратилган.

Энг аввало, никоҳ шартномалари билан боғлиқ янги қоида кучга киради. 2025 йил 1 декабрдан бошлаб нотариуслар томонидан тузилган никоҳ шартномаларининг нусхаси “Нотариус” ахборот тизимига мажбурий юкланади. Шу орқали уларнинг қоғоздаги аслини нотариуслар томонидан талаб қилиш амалиёти бекор қилинади. Бу ўзгариш турмуш қуриш арафасидаги фуқаролар учун ортиқча югур-югур ва қоғозбозликни камайтиради.

Шунингдек, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёни тўлиқ қайд этилади. Яъни, аудио ва видеоёзувлар махсус электрон қурилмаларда сақланиб, улар тўғридан-тўғри нотариал ҳаракат билан боғланади. Бу жараёнлар очиқлик ва шаффофликни таъминлайди.

2026 йил 1 январдан бошлаб яна бир муҳим ўзгариш амалга киритилади. Эндиликда нотариусга шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этиш шарт бўлмайди. Фуқаролар шахси уларнинг ҳужжат реквизитлари асосида ахборот технологиялари орқали аниқланади. Шу билан бирга, биометрик маълумотлар — бармоқ изи ва Face-ID орқали текшириш амалиёти йўлга қўйилади. Бу фуқаролар учун қулайлик билан бирга, сохталик ҳолатларини ҳам олдини олади.

2026 йил 1 апрелдан эса кўчмас мулкка оид барча битимларда янги тартиб ишлайди. Яъни, кўчмас мулк ва унга оид улушлар билан боғлиқ шартномалар нотариус томонидан электрон тарзда “Нотариус” тизими орқали давлат рўйхатидан ўтказиш учун юборилади. Шундан сўнг кўчмас мулк объекти расмий рўйхатдан ўтганидан кейингина унинг янги эгаси ҳақидаги маълумотлар коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларга автоматик равишда юборилади. Бу эса маълумотлар базасидаги ўзгаришларни тезкор янгилаш имконини яратади.

Умуман олганда, мазкур янгиликлар нотариал хизматлар соҳасида шаффофлик, тезкорлик ва замонавий технологияларнинг кенг қўлланишини таъминлаб, аҳолининг ишончини янада оширишга хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Нотариуслар фаолиятида янги электрон қоидалар жорий этилади