Ҳукумат қарори билан қишлоқ хўжалигида янги тартиб жорий этилди. Эндиликда пахта ва донни қабул қилиш ҳамда уларни ҳисобга олиш жараёни электрон тизимлар орқали амалга оширилади. Бу борада махсус “Пахта ва дон қабул қилиш ҳамда унинг электрон ҳисобини юритиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Янги низомга кўра, жараён “Agrotarozi”, “Hosil qabuli” ва “AgroDocs” ахборот тизимлари орқали юритилади. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳисобга олишда шаффофлик ва аниқликни таъминлашга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.
Фойдаланувчилар интернет орқали махсус вeb-сайтга кириб, “Agrotarozi” ва “Hosil qabuli” тизимлари имкониятларидан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади. Рўйхатдан ўтиш жараёнида улар электрон шаклда шартнома имзолашлари ва тизимдан фойдаланиш шартларини қабул қилишлари керак бўлади.
Низомда белгиланишича, пахта ва дон махсус товар-транспорт юк хати асосида қабул қилинади. Хўжаликлар бир хил сифат кўрсаткичларига эга бўлган маҳсулотларни ягона юк хати билан топширишлари шарт. Масалан:
– бир хил селекция, саноат нави ва синфига тегишли маҳсулот;
– авлоди ва дала гуруҳи бир хил бўлган уруғлик пахта ва дон.
Шунингдек, пахта қабул қилиш куни соат 23:59 да якунланади. Ҳар куни қабул қилинган маҳсулотлар бўйича ҳисоботлар физик вазн асосида юритилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!