Ўзбекистон аҳолисини яқин кунларда жиддий синов кутмоқда — мамлакат ҳудудида кучли магнит бўрони кузатилиши маълум қилинди. Метеонова портали тарқатган маълумотларга кўра, 22 сентябрь куни “тўқ сариқ” хавфли даражадаги геомагнит таъсир қайд этилади.
Мутахассислар билдиришича, бу ҳолат айниқса саломатлигида муаммолари бор кишилар учун оғир кечиши мумкин. Юрак-қон томир касалликлари, асаб тизими хасталиклари, қандли диабет ёки бронхиал астмага чалинганлар бундай таъсирни янада кучли ҳис қилади. Шунингдек, об-ҳаво ўзгаришларига сезгир одамлар ва метеопатиядан азият чекувчилар ҳам беғам бўлмасликлари керак.
Маълумотларга қараганда, магнит бўронининг энг юқори нуқтаси эрталаб соат 5:00 да қайд этилади. Қуёш нурлари таъсири 14:00 гача давом этиб, шомга яқин таъсир кучининг пасайиши кутилмоқда. Бу вақт мобайнида одамлар бош оғриғи, юрак қийинчилиги, уйқусизлик ёки руҳий безовталикни ҳис қилиши эҳтимолдан холи эмас.
Шифокорлар эслатишича, бундай кунларда суюқлик истеъмолини ошириш, ортиқча стрессдан қочиш ва дам олишга кўпроқ эътибор бериш мақсадга мувофиқ. Агар саломатлик билан боғлиқ жиддий муаммолар юзага келса, дарҳол мутахассисга мурожаат қилиш тавсия этилади.
Кучли магнит бўронлари фақат инсон саломатлигига эмас, балки турли техника воситалари ва алоқа тизимларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис мутахассислар аҳолини эҳтиёткорликка чақирмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!