Парламентда пулли автомобиль йўллари қурилишига ҳуқуқий асос яратувчи қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда маъқулланди. Қонунга кўра, агар айрим йўналишда текин, яъни бепул йўл мавжуд бўлса, шундагина пулли йўл қурилишига рухсат берилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Автомобил йўллари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилди. Депутатлар ҳужжат мамлакат йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва замон талабларига мослаштиришга қаратилганини таъкидладилар.
Лойиҳа йўлларни режалаштириш ва лойиҳалашда аҳоли фикри, атроф-муҳитга таъсир ва пиёдалар учун қулайликларни алоҳида ҳисобга олишни кўзда тутади. Шу билан бирга, йўл қурилиши жараёнида коммуникация тармоқларини тиклаш харажатлари ҳам қопланиши шарт қилиб белгиланган.
Қонун катта ва оғир вазнли транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш ҳамда йўл бўйида хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш бўйича талабларни аниқ белгилайди. Энг муҳим жиҳатлардан бири — пулли трассалар тўғрисидаги моддалардир. Йўлдан фойдаланиш учун белгиланадиган тўлов аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжларига мос, ижтимоий адолатли ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган бўлиши шарт.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасини тайёрлашда билдирилган фикр ва таклифларни инобатга олишганини қайд этиб, ҳужжатни такомиллаштирилган шаклда қабул қилишди ва Сенатга юбордилар.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!