date

Туркий давлатлар абадий дўстлик тўғрисида шартнома имзолайди

Туркий давлатлар абадий дўстлик тўғрисида шартнома имзолайди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжоннинг Габала шаҳрида ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари ўз нутқида қатор ташаббусларни илгари сурди:

– минтақавий ва глобал хавфсизлик масалалари бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш мақсадида Самарқандда ТДТ ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи қўшма учрашувини ўтказишни таклиф этди;

– Стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тез фурсатда қабул қилишни қўллаб-қувватлади ва Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди;

– Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича Доимий кенгашини тузиш ва унинг Лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштиришни таклиф этди;

– Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириб, Туркий давлатларнинг Саноат альянси, "Туркий яшил йўлаклар" тизими ва "Яшил трансформация" консорциумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди;

– Органик қишлоқ хўжалиги бўйича Экспертлар гуруҳини ташкил этиш ва туркий органик маҳсулотларнинг ягона брендини жаҳон бозорига олиб чиқишни таклиф қилди;

– Ўрта коридорни ривожлантириш ва уни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ҳамда Трансафғон йўлаги лойиҳалари билан боғлашни қўллаб-қувватлади, божхона тартиботини рақамлаштириш ва тарифларни оптималлаштириш муҳимлигини таъкидлади;

– Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтириш ҳамда халқаро ва миллий молия институтлари билан ҳамкорлик дастурини қабул қилишни тавсия этди;

– Сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт бўйича “йўл харитаси"ни қабул қилиш ва Туркий дунё халқаро кўргазмасини Ўзбекистонда ўтказиш ғоясини илгари сурди;

– Экстремистик ва радикал мафкурага қарши курашиш бўйича ҳаракатлар режаси ва ёшларнинг экологик саводхонлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқишни таклиф этди;

– 2026 йилда "Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди – Туркий дунё маънавий ҳаётида" мавзусида халқаро конференцияни ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Ўзбекистонда қўшма тадқиқотлар ва инновациялар майдонига айланадиган Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилишини эълон қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Туркий давлатлар абадий дўстлик тўғрисида шартнома имзолайди