Чирчиқда буюртма асосида зўравонлик қилган гуруҳ ушланди

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида буюртма асосида фуқароларга нисбатан зўравонлик ишлатиб, ўзбошимчалик билан жазо бериб келган уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Амалиёт Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилди. Тадбир «Хавфсиз ва соғлом юрт» профилактик чора-тадбирларининг учинчи босқичи доирасида амалга оширилган.
Аниқланишича, гуруҳга 2004 йилда туғилган, Чирчиқ шаҳрида яшовчи ва «Ўғри» лақаби билан танилган шахс раҳбарлик қилган. У аввал Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғирлик) бўйича судланган.
Гуруҳ раҳбари билан бирга унинг барча аъзолари ҳам қўлга олинган. Улар «Бўри», «Саман», «Абу», «Тош» ва «Баклан» лақаблари билан танилган. Ушланганлар орасида 1966 йилда туғилган, «Баклан» лақабли Чирчиқ шаҳри фуқароси ҳам бор. У аввал Жиноят кодексининг 118, 169, 267 ва 277-моддалари бўйича судланган.
«Ўғри» бошқарган автомобил кўздан кечирилганда, ундан 1,8 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси топиб олинган. Гумонланувчиларнинг телефонлари текширилганда эса фуқароларга нисбатан бир неча бор зўравонлик ишлатилгани ва ўзбошимчалик билан жазо берилганини акс эттирувчи видеолар аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) ва 277-моддаси (безорилик) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Гуруҳ раҳбарига нисбатан қўшимча равишда 276-модда бўйича ҳам иш очилган.
Барча ушланганларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…