Тезликни оширганлар ва ноқонуний пойгачиларга жарима ошади

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Олий Мажлис Сенати йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қоидабузарликлар учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни маъқуллади.
- Янги қоидаларга кўра, тезликни соатига 80 километрдан ортиқ оширган ҳайдовчиларга 65 БҲМгача жарима солинади ва улар олти ой муддатга транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.
Олий Мажлис Сенатининг 21-ялпи мажлисида йўл ҳаракати хавфсизлигини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди. Ҳужжат йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, инсон ҳаётини ҳимоя қилиш ва хавфли қоидабузарликларнинг олдини олишни назарда тутади.
Қонунга кўра, маст ҳолда транспорт бошқарганлик учун жазо кучайтирилади. 2024 йилда бундай қоидабузарликнинг 11 994 та ҳолати қайд этилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 13 521 тага етган. Жиноят кодексининг 261¹-моддасига мувофиқ, маст ҳолда автомобил бошқаришни такроран содир этган шахс бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топширганлик учун Жиноят кодексига янги 261³-модда киритилмоқда. Агар бундай ҳолат ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилишига сабаб бўлса, айбдор уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Агар инсон вафот этса ёки бошқа оғир оқибатлар юзага келса, жазо уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилишни ташкил этади.
2025 йилда 14 ёшгача бўлган шахслар иштирокида 168 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Тезликни белгиланган меъёрдан оширганлик учун жарималар ҳам кўпайтирилади. Тезликни соатига 40 километрдан ортиқ оширганлик учун 25 БҲМгача, 60 километрдан ортиқ оширганлик учун 45 БҲМгача жарима белгиланади. Агар тезлик соатига 80 километрдан ортиқ оширилса, жарима 65 БҲМгача етади ва ҳайдовчи олти ой муддатга транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида тезликни соатига 40–60 километрга ошириш билан боғлиқ 19 719 та ҳолат аниқланган.
Йўлларда безорилик қилиш ва ноқонуний пойгалар ташкил этишга қарши чоралар ҳам кучайтирилади. Бундай қоидабузарликлар 2025 йилда 604 та, 2026 йилнинг тўққиз ойида эса 572 та ҳолатда қайд этилган.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…