Қирғизистонда 2027 йилги Ҳаж зиёрати нархи 5 800 доллар этиб белгиланди

Қирғизистондан 2027 йилда Ҳаж зиёратига борувчилар учун сафар харажатлари 5 800 доллар этиб белгиланди. Бу 2026 йилдаги нархга нисбатан 1 150 долларга ёки 24,7 фоизга қиммат. Нарх ошишининг асосий сабабларидан бири Макка шаҳридаги бепул вақф меҳмонхоналари ўрнига пуллик меҳмонхоналарда жойлаштиришга ўтилиши бўлди. Бу ҳақда Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси маълумотларига таяниб, 24.kg хабар берди.
Қайд этилишича, аввал Маккадаги вақф муассасалари Қирғизистондан келган зиёратчиларни ўзларига қарашли меҳмонхоналарга бепул жойлаштириб келган. Бироқ 2027 йилги Ҳаж мавсумида ушбу имкониятдан фойдаланилмайди.
Бунга меҳмонхоналарнинг Макка шаҳрининг турли ҳудудларида жойлашгани сабаб бўлган. Хусусан, 14 та бино шаҳарнинг 4–5 та туманига тарқалган бўлиб, уларнинг ҳар бирида 200 нафардан 500 нафаргача зиёратчи яшаган.
Диний бошқарма маълумотига кўра, бундай шароитда барча зиёратчиларга бир хил даражада хизмат кўрсатиш, уларга зарур ёрдам бериш, ташкилий ишлар ва логистика жараёнларини мувофиқлаштириш қийинлашган. Бундан ташқари, меҳмонхоналардаги шароитлар белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бермаган, айрим ҳужжатларни расмийлаштиришда ҳам муаммолар юзага келган.
Шу сабабли 2027 йилги Ҳаж мавсумида Қирғизистондан борувчи зиёратчиларни пуллик меҳмонхоналарга жойлаштиришга қарор қилинган. Бу орқали уларнинг барчаси бир ҳудудда, бир-бирига яқин жойлашиши таъминланади. Натижада хизмат кўрсатиш, зарур ёрдамни ташкил этиш ва ташкилий масалаларни ҳал қилиш осонлашиши кутилмоқда.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…