22:29 / 27.12.2016
8 009

Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Янги йил байрамини осойишталик билан ўтказиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари Саидкарим Нишонбоев ЎзАга маълум қилди, деб ёзмоқда Sof.uz сайти.

— Ички ишлар идоралари тизимида байрам кунлари тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тасдиқланган режа асосида амалга оширилмоқда. Бунда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртимизнинг ҳар бир гўшаси, айниқса, байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлар соҳа ходимларининг алоҳида эътиборида. Нохуш ҳолатлар юзага келишига йўл қўймаслик, хавфсизликни таъминлаш юзасидан махсус рейдлар ўтказилмоқда. Бу жараёнда маҳаллий ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, посбонлар фаол иштирок этиб, тадбирлар давомида аниқланаётган камчиликлар, ҳуқуқбузарликлар ўз вақтида бартараф этилмоқда.

— Янги йил яқинлашиши билан пиротехника воситалари пайдо бўлиши сир эмас. Унинг бозорларимизга ноқонуний кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида қандай ишлар қилинмоқда?

— Пиротехника воситаларининг инсон саломатлигига зарари ва ёнғинларни келтириб чиқариши мумкинлиги инобатга олиниб, мамлакатимизда улардан ноқонуний фойдаланиш тақиқланган. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларида пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик, тайёрлаганлик, сақлаганлик, ташиганлик, жўнатганлик, улардан фойдаланганлик, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда олиб кирганлик ёки сотганлик учун ҳуқуқбузарлик буюмларини мусодара қилиш билан бирга жиноий ва маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Аммо нафсини жиловлай олмаган айрим кимсалар томонидан пиротехника воситаларини юртимизга яширинча олиб кириш ва сотишга уриниш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Мисол учун, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида яшовчи Қаҳрамон Ражапов пиротехника воситаларини сотиш мақсадида олиб кетаётган вақтда қўлга тушди. Унинг юкхалталари кўздан кечирилганда 5,5 миллион сўмликка яқин турли пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган.

Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшовчи Ҳакима Аҳмедова ўз хонадонидан пиротехника воситаларини сотиш мақсадида олиб чиқаётган вақтида тўхтатилган. Унинг маҳсулотлари кўздан кечирилганда, хорижда ишлаб чиқарилган умумий нархи 9,3 миллион сўмликдан зиёд «салют»лар борлиги аён бўлди. Пойтахтимиздаги Фарҳод деҳқон бозори ҳудудида ўтказилган тадбир давомида фуқаро Шаҳобиддин Юсупов кўп миқдорда пиротехника воситаларини сотаётгани аниқланди.

Пиротехника воситаларининг ноқонуний айланишига чек қўйиш борасида 37 мингдан ортиқ рейд ўтказилди. Натижада 127 ҳолат аниқланиб, улар юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун тегишли идораларга юборилди. 150 мингга яқин пиротехника воситалари мусодара қилинди.

— Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳам осойишталикнинг муҳим омилларидан. Бу йўналишда амалга оширилган ишлар қандай самара бермоқда?

– Байрам арафасида ёнғин хавфсизлиги тадбирлари янада кучайтирилди. Соҳа ходимлари аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш юзасидан тушунтириш ишларини давом эттирмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ёнғин хавфсизлиги хизматининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларнинг жанговар тайёргарлигини, касб кўникмаларини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ижобий натижа бермоқда. Мисол учун, сўнгги беш йилда содир бўлган ёнғинларнинг деярли 80 фоизи бошланғич даврида бартараф этилди. Натижада минг нафарга яқин инсон ҳаёти асраб қолинди, 460 миллиард сўмликдан ортиқ мол-мулк қутқариб қолинди.

Байрам кунлари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Йўл-патруль хизмати масканларида автотранспорт воситалари қатъий текширувдан ўтказилмоқда. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун барча жамоат транспортлари техник кўрикдан ўтказилди. Байрам тадбирлари ўтказиладиган майдонлар атрофидаги йўллар ва йўл белгилари кўздан кечирилиб, камчиликлар бартараф этилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари кучайтирилди