Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 15 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида бўлиб, Шота Руставели кўчасида амалга оширилган кенг кўламли реконструкция ишлари билан танишди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.
Давлат раҳбари мазкур кўчадаги янгиланган инфратузилмани шахсан кўриш учун давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда автобусда юрди. У йўлдаги қулайликларни баҳолаб, йўловчилар билан суҳбат қурди ва уларнинг фикрларини эшитди.
Тошкент сўнгги йилларда жадал ўсиб, аҳоли сони кескин ортиб бормоқда. Бу эса шаҳардаги транспорт тизимини замон талабларига мос равишда такомиллаштиришни талаб этади. Президент таъкидлаганидек, “равон йўл ва қулай жамоат транспорти — бу аҳоли розилиги ва ҳаёт сифатининг асосий кўрсаткичи”.
Шота Руставели кўчаси пойтахтдаги бир неча туманларни боғлаб турувчи асосий артериялардан бири бўлиб, ундаги ҳаракатни енгиллаштириш мақсадида Миробод кўчасидан Чоштепа кўчасигача бўлган қарийб 7 километр масофа тўлиқ реконструкция қилинди.
Эндиликда кўча замонавий кўринишга эга бўлди: йўл 10 қатнов қисмига бўлинган, шундан 6 таси автомобиллар учун, 2 таси автобуслар учун алоҳида ажратилган йўлак сифатида ташкил этилган. Қолган икки қисми эса автомобиллар тўхтаб туриши учун мўлжалланган.
Энг муҳим янгиликлардан бири — илк бор Тошкентда Bus Rapid Transit (BRT) тизими жорий этилди. Бу тизим дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида жамоат транспортини тез ва хавфсиз ҳаракатлантиришнинг самарали усули сифатида фойдаланилади.
Натижада йўловчи оқими соатига 2,5 минг нафардан 6 минг нафаргача ортди. Йўл бўйича автомобиллар ўтказиш имконияти ҳам икки баробарга яқин кенгайиб, суткасига 40 мингта машина ҳаракатлана оладиган даражага етди.
Ушбу лойиҳа умумий қиймати 19,2 миллион долларни ташкил этади. Йўлда хавфсизлик даражаси оширилиб, 463 та “ақлли” светофор, 21 та янги автобус бекати ўрнатилди. Интеллектуал транспорт тизими орқали ҳаракат назорати автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилади.
Шунингдек, кўчада велосипед йўлаклари, яшил ҳудудлар, суғориш ва дренаж тизимлари ҳам ташкил этилди. Бу нафақат ҳаракат учун қулайлик, балки экологик муҳитни соғломлаштиришга ҳам хизмат қилади.
Президент ташриф чоғида янги автобус йўналишларини кенгайтириш, шаҳар атрофида транспорт боғламалари қуриш, шу орқали Янги Тошкент билан алоқани мустаҳкамлаш лойиҳаларини кўриб чиқди.
“Агар метро қурмаганимизда ва янги автобуслар олиб келмаганимизда, бугун Тошкентда транспорт ҳаракати муаммога айланарди. Шунинг учун биз одамлар учун қулайлик яратишни давом эттирамиз”, — деди Президент.
Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга жамоат транспортини янада ривожлантириш, тирбандликни камайтириш ва пойтахт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!