Блогер Севара Усмонова Акмал Мирзо билан боғлиқ можаро ортидан ҳимоя ордери олди (видео)

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Блогер Севара Усмонова ҳамкасби Акмал Мирзо билан юзага келган можаро ортидан ўзига нисбатан қилинган таҳдид ва ҳақоратлар сабабли ҳимоя ордери олди.
- Суд-лингвистик экспертиза натижалари блогернинг шани ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи иборалар мавжудлигини тасдиқлади.
- Айни пайтда маъмурий иш бўйича суд жараёни давом этмоқда ва ишга қонуний баҳо бериш учун материаллар прокуратура органларига юборилди.
“Sevars.life” номи билан ижод қилувчи блогер Севара Усмонова ибратли видеолари билан танилган блогер Акмал Мирзо билан боғлиқ можаро ортидан босим, ҳақорат ва таҳдидларга учраганини маълум қилди. У ўзига нисбатан билдирилган ҳақоратлар юзасидан суд-лингвистик экспертиза ўтказилганини, шунингдек, ҳимоя ордери олганини билдирди.
17 ноябрь куни Сергели фуқаролик судида мазкур иш кўриб чиқилиши керак эди, бироқ мажлис бошқа кунга қолдирилди. Ўша куни Севара Усмонова “Даракчи” нашрига берган интервюсида ўзига нисбатан ижтимоий тармоқларда камситувчи ва обрўсизлантирувчи фикрлар билдирилганини айтди.
Блогернинг сўзларига кўра, ўтказилган суд-лингвистик экспертиза тақдим этилган материалларда унинг шахсиятини камситувчи, ҳақоратловчи ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи иборалар мавжудлигини кўрсатган. Ҳозирда маъмурий иш бўйича суд жараёни давом этмоқда, якуний қарор эса ҳали қабул қилинмаган.
Журналист Акмал Мирзо айнан қандай сўзлар билан уни ҳақорат қилганини сўраганида, Севара айрим постлар ва шахсий ёзишмаларда унинг шаъни ва обрўсига тегадиган иборалар ишлатилганини таъкидлади. Блогернинг айтишича, у ҳақида уч миллиондан ортиқ кўриш йиғган видеода ҳам салбий фикрлар билдирилган.
Севара бу гаплар нафақат ўзига, балки оиласига ҳам таъсир қилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, қайнонаси ва турмуш ўртоғига ҳам турли гап-сўзлар етиб борган, оилада келишмовчиликлар юзага келган. Бундан ташқари, блогерга овозли хабарлар орқали таҳдидлар келган. Ундан кечирим сўраш талаб қилиниб, акс ҳолда блогерлик фаолиятидан пушаймон қилиниши билан қўрқитилган.
Севара Усмонова бундай босимлар сабаб ўз хавфсизлиги ва соғлиғидан хавотирга тушганини билдирди. У можаро юзасидан ҳеч кимга нисбатан шахсий адовати йўқлигини, ўз шаъни ва қонуний ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш ниятида эканини таъкидлади.
Кейинчалик блогер Instagram саҳифасида ҳимоя ордери олгани ҳақида хабар берди. У Сергели тумани ички ишлар органларидан чиққанидан сўнг кузатувчиларга мурожаат қилиб, уни қўллаб-қувватлаган аёллар ва қизларга миннатдорлик билдирди.
“Анча вақт индамай, ҳаммасини ичимга ютиб келдим. Ҳар хил таҳдидлар, босимлар ва ҳақоратлар бўлди. Оилам шаънига ҳам турли гаплар айтилди. Аммо ҳар нарсанинг сабр чегараси бор. Ҳеч кимнинг бошқа инсоннинг тинчини бузишга, унга босим ўтказишга, таҳдид қилишга ёки обрўсизлантиришга ҳаққи йўқ”, — деди у.
Блогер, шунингдек, Акмал Мирзога нисбатан шахсий адовати бўлмаганини, можаро унинг бир видеодаги персонажга нисбатан жаҳлдор эможи қўйишидан бошланганини айтди. У ўз ҳуқуқларини қонун доирасида охиригача ҳимоя қилишини билдирди.
Севара Усмонова сўнгги видеосида навбатдаги суд мажлиси давомида ишда жиноят аломатлари мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш ва қонуний баҳо бериш учун материаллар тегишли тартибда прокуратура органларига юборилганини маълум қилди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…