
Тошкент шаҳри ҳокимининг янги қарорига мувофиқ, пойтахтдаги йирик бозорлар ва савдо мажмуаларида кўрсатиладиган бир қатор хизматлар тарифи қайта кўриб чиқилди. Янги тартиб нафақат автотураргоҳлар, балки тижорий мақсадларда видео ва фото олиш хизматларига ҳам тўғридан-тўғри тааллуқли бўлди.
Ҳужжатга кўра, бозорлар атрофидаги автотураргоҳларда енгил автомобиллар учун тўлов ҳафтанинг кунига қараб турлича белгиланди. Шанба ва якшанба кунлари тарифлар оширилиб, 3 соатгача туриш 25 минг сўм, 4 соатдан ортиқ вақт учун эса 50 минг сўм ундирилади. Иш кунларида бу нархлар анча паст сақланади. Мутасаддиларга кўра, бундай ёндашув ҳаракат хотиржамлигини таъминлаш ва автотураргоҳлардаги ортиқча юкни камайтиришга қаратилган.
Шу билан бирга, янги қарорда бозорлар ҳудудида тижорий мақсадларда видео ёки тасвирга олиш учун алоҳида тўлов жорий этилди. Бунда видеоролик, реклама материали, клип ёки ҳар қандай тижорий йўналишдаги контент тайёрлашнинг ҳар бир соати учун 5 миллион сўм тўлаш белгиланди. Бу талаб асосан блогерлар, продакшн студиялари ва реклама компанияларига қаратилган.
Энг муҳими — оммавий ахборот воситалари ҳамда хорижлик сайёҳлар учун бу чекловлар амал қилмайди. Улардан на рухсат, на тўлов талаб этилмайди. Баённомага кўра, журналистик суратга олиш ёки туристик мақсаддаги видеолар учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ.
Янги тартиб пойтахт бозорлари инфратузилмасини яхшилаш, тартиб-интизомни ошириш ва тижорий контент билан шуғулланувчи субъектлар фаолиятини шаффофлаштиришга қаратилгани қайд этилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.