
Ўзбекистон Президенти эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришни мақсад қилди. Президент таъкидлаганидек, бундан буён даромад топиш имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар камбағаллар реестрида ҳисобга олинмайди; уларни қўллаб-қувватлаш тўлиқ давлат зиммасига олинди.
Янги йилдан “Тенг имкон – инклюзив бандлик” лойиҳаси жорий этилиб, ногиронлиги бўлган 40 минг кишини иш билан таъминлаш мақсад қилинди. Бандлик жамғармаси орқали уларга 30 миллион сўмгача фоизсиз маблағ ажратиш механизми йўлга қўйилади.
Шунингдек, камбағалликка қайта тушиш хавфи мавжуд оилалар ижтимоий ёрдам ва имтиёзларни сақлаб қолади. Улар 6 ой давомида моддий ёрдам ва болалар нафақаси олади, боғча ва тўгарак харажатлари қопланади, даволаниш ордерлари ҳамда бошқа 110 та ижтимоий хизмат ва ёрдамдан 12 ой давомида қўшимча фойдаланиш имконига эга бўлади.
Оғир ҳаётий вазият сабабли камбағалликка тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни олдиндан аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш чоралари ҳам белгиланди. Ушбу вазифаларнинг ижроси устидан назоратни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева амалга оширади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.