
Тошкент шаҳрида атроф-муҳитга зарар келтирувчи омилларни камайтириш мақсадида йирик миқёсдаги экологик рейдлар изчил давом этмоқда. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ЙҲХБ, Бош прокуратура, Қурилиш ва Энергетика соҳасига оид инспекциялар, Санитария-эпидемиология хизмати ҳамда бир қатор масъул идоралар ушбу жараёнда бирлашиб, назоратни янада кучайтирди.
Рейдлар доирасида пойтахтнинг 12 туманидаги қурилиш объектлари комплекс ўрганилди. Тадбирларга 140 нафардан ортиқ мутахассис ва ходимлар жалб этилди. Уларнинг вазифаси — қурилиш жараёнида ҳаво, ер ва сув манбаларига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларни барвақт аниқлаш ва чек қўйиш.
Текширув натижалари ташвишли манзарани кўрсатди: жами 96 та объектдан 60 тасида ҳавога чанг ва қум тарқалишининг олдини олишга оид талаблар мутлақо бажарилмаган. Бундан ташқари, 47 та объектда қурилиш майдонининг камида чорак қисми кўкаламзорлантирилиши керак бўлса-да, бу талаб қўпол равишда инкор этилгани маълум бўлди.
Аниқланган қонунбузарликлар бўйича кескин чоралар қўлланилди:
• 15 та объектда қурилиш жараёни вақтинча тўхтатилди;
• 70 нафар масъул шахс маъмурий жавобгарликка тортилди;
• 68 нафар ходимга расмий огоҳлантириш берилди.
Шу билан бирга, экологик талабларни жорий этиш бўйича амалий ишлар ҳам бажарилди. Жумладан:
• 24 та объектда махсус сув ювиш мосламалари ўрнатилди;
• 62 та объектда транспорт воситалари шиналарини ювиш учун махсус бассейнлар ташкил этилди.
Мутасаддилар таъкидлашича, ушбу рейдлар нафақат қонунбузарликларни тўхтатиш, балки қурилиш соҳасидаги экологик маданиятни ошириш, ҳаво сифатига салбий таъсирларни камайтириш ва санитария меъёрларига қатъий амал қилишни таъминлашга қаратилган.
Пойтахтда қурилиш жадал давом этаётган бир пайтда, бундай самарали назорат механизмлари атроф-муҳит ҳимояси учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.