
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида янги давр бошланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, пахтачилик тармоғини тубдан янгилаш, унга замонавий илмий-назарий ёндашувни жорий этиш, фермерларни қўллаб-қувватлаш бўйича йирик ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланди. Бу ўзгаришлар нафақат ҳосилдорликни оширишга, балки бутун тармоқни глобал рақобатга мослашга қаратилган.
Биринчи навбатда, маҳаллий янги пахта навларини яратиш стратегиясига катта урғу берилмоқда. Илмий марказлар томонидан 56 та маҳаллий навни хорижда қўлланилаётган илғор навлар билан селекция қилиш орқали янги, юқори самара берадиган навлар олиш режалаштирилган. Бу мақсадда Геномика ва Пахтачилик илмий институтларида замонавий фитотрон ва махсус иссиқхоналар барпо этилади. Бундай инфратузилма селекция жараёнини бир неча марта тезлаштириб, маҳаллий шароитга мос, экспортбоп навларни яратиш имконини беради.
Шунингдек, пахта етиштириш харажатларини камайтириш мақсадида фермерларга биржа орқали минерал ўғит ва ёқилғи–мойлаш маҳсулотларини 10–15 фоиз арзон нархларда тақдим этиш амалиёти келгуси йилда ҳам сақланиб қолади. Бу эса фермерларга катта енгиллик яратиб, ишлаб чиқаришни барқарор ва иқтисодий жиҳатдан самарали қилади.
Янги тартибга мувофиқ, пахта ва ғалла соҳасида фаолият юритаётган хўжаликлар учун махсус рейтинг тизими жорий этилмоқда. Унга кўра, камида 10 йилдан бери барқарор ишлаётган, кредит, солиқ ва лизинг бўйича ҳеч қандай қарздорлиги йўқ фермерлар рейтингнинг юқори поғоналарига чиқиш имкониятига эга бўлади. Бу тизим нафақат шаффофликни таъминлайди, балки фермерлар ўртасида соғлом рақобатни кучайтиради.
Рейтингнинг энг юқори қисмида жой олган фермерлар қўшимча имтиёзларга ҳам эга бўлади: Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан ажратиладиган кредитлар ставкалари пахтачилик учун 8 фоиз, ғалла етиштириш учун эса 10 фоиз қилиб пасайтирилади. Бу эса яхши натижа кўрсатаётган хўжаликларни қўшимча рағбатлантириб, тармоқни янада барқарор ва самарали қилишга хизмат қилади.
Янги ислоҳотлар – фермер меҳнатини қадрлаш, илмий ёндашувни кучайтириш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган муҳим қадамлар. Мамлакат қишлоқ хўжалигида бошланаётган бу янги босқич эса келгуси йилларда ўз самарасини бериши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.