date

Ўзбекистон табиий бойликлари:: ҳар бир фуқарога 79 минг долларлик ер ости хазинаси!

Ўзбекистон табиий бойликлари:: ҳар бир фуқарога 79 минг долларлик ер ости хазинаси!

Яқин кунларда аҳоли жон бошига тўғри келадиган табиий ресурслар қиймати бўйича етакчи давлатлар рейтинги эълон қилинган эди. Унда нефт захиралари билан дунёда етакчи саналадиган Саудия Арабистони биринчи ўринни эгаллади. Қиролликда ҳар бир фуқаро ҳисобига тахминан 1 миллион доллар қийматидаги табиий ресурслар тўғри келади. Иккинчи ва учинчи поғоналарни эса Канада ҳамда Австралия банд этган бўлиб, бу мамлакатларда жон бошига тўғри келадиган табиий бойликлар қиймати 700 минг доллардан ошиб кетади.

Канаданинг юқори кўрсаткичи асосан нефт, кенг ўрмон майдонлари ва бой минерал захиралари билан изоҳланса, Австралия темир рудаси, кўмир ва табиий газнинг улкан захиралари ҳисобидан юқори ўринни сақлаб турибди. Рейтингда тўртинчи ўриндан Россия жой олган бўлиб, у ерда бир киши ҳисобига 520 минг доллардан ортиқ табиий ресурслар тўғри келади.

Шу ўринда табиий савол туғилади: Ўзбекистонда бу кўрсаткич қандай?

Жаҳон бозорида хомашё нархларининг тез-тез ўзгариб туриши ва геологик қидирув ишларининг доимий равишда давом этиши сабабли Ўзбекистондаги табиий ресурсларнинг аниқ қийматини белгилаш осон эмас. Бироқ мавжуд расмий маълумотлар мамлакатнинг ерости бойликлари жуда катта салоҳиятга эга эканини кўрсатади.

2018 йил июль ойида Геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари Аъзам Қодирхўжаев Ўзбекистондаги минерал-хомашё ресурсларининг умумий салоҳияти қарийб 5,7 триллион долларга баҳоланишини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, бу қийматнинг 1 триллион доллардан сал ортиғи қидириб топилган захиралар ва тайёр ҳолдаги конлар ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, мамлакат ҳудудининг атиги 20 фоизи тўлиқ ўрганилган бўлиб, янги конларни аниқлаш бўйича ҳали жуда катта имкониятлар мавжуд.

2023 йил декабрь ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги вакили Илёс Жумаев Ўзбекистонда 101 та олтин ва 3 та кумуш кони расман ҳисобга олинганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатимизда Ер юзида маълум бўлган деярли барча турдаги фойдали қазилмалар мавжуд. Улар қаторида олтин, кумуш, мис, уран, нефт, табиий газ, литий, молибден, вольфрам, марганец, никел, кобалт, тантал, ниобий ва бошқа стратегик аҳамиятга эга минераллар бор.

Айниқса, олтин конларининг асосий қисми Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларининг хомашё базаси сифатида хизмат қилаётгани, мис конларининг эса асосан Тошкент вилоятида жойлашгани таъкидланган.

2025 йил июнь ойида бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форумида президент Шавкат Мирзиёев ҳам Ўзбекистон ерости бойликларининг умумий салоҳиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Давлат раҳбари мамлакатнинг табиий ресурслари 3 триллион долларга баҳоланаётганини қайд этар экан, тўртинчи саноат инқилоби шароитида технологик минералларга бўлган талаб кескин ортиб бораётганини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев: “Умуман, ерости бойликларимизнинг салоҳияти 3 триллион долларга баҳоланмоқда. Минтақамизнинг минераллардан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш «хаби»га айланиши учун барча имкониятлар мавжуд”.

Президентнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда литий, вольфрам, магний, графит, титан, ванадий каби стратегик минералларнинг йирик захиралари мавжуд. Бу эса мамлакатни юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш марказига айлантириш учун мустаҳкам замин яратади.

Ҳар бир ўзбекистонликка қанча тўғри келади?

Агар ушбу 3 триллион долларлик ерости бойликлари ҳозирги аҳоли сонига — 38 миллион 244 минг нафарга нисбатан ҳисобланса, ҳар бир ўзбекистонлик ҳисобига тахминан 78–79 минг доллар қийматидаги табиий ресурслар тўғри келади.

Бу рақамлар Ўзбекистон Саудия Арабистони ёки Канада билан таққослаганда пастроқ кўринса-да, мамлакатда ҳали тўлиқ ўрганилмаган захиралар улкан эканини инобатга олсак, келгусида бу кўрсаткични ошириш учун имкониятлар етарли экани шубҳасиз.

Қимматбаҳо ва ноёб ресурслар

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда Ер юзида маълум бўлган деярли барча турдаги фойдали қазилмалар аниқланган. Жумладан, стратегик аҳамиятга эга бўлган:

  • Қимматбаҳо металлар: Олтин (101 та кон), кумуш (3 та кон), платиноидлар.

  • Нодир ва рангли металлар: Мис (10 та кон), уран, қўрғошин, молибден, вольфрам, литий, хром, никель, тантал, ниобий, кобальт, скандий, германий, рений.

  • Энергетика хомашёси: Нефть ва табиий газ.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон табиий бойликлари:: ҳар бир фуқарога 79 минг долларлик ер ости хазинаси!