
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Япония Либерал-демократик партияси вице-президенти, парламентдаги Ўзбекистон билан дўстлик лигаси ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстлик лигаси раиси Таро Асо билан учрашув ўтказди. Музокараларда Ўзбекистон–Япония стратегик ҳамкорлигини, жумладан парламентлараро йўналишда янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда дўстлик лигаси аъзолари ҳам иштирок этди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда парламентларнинг ўрни ва парламентлараро мулоқотни мунтазам давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Қайд этилишича, дўстлик лигаси, айниқса унинг раиси Таро Асонинг Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси юксак баҳоланди. Шунингдек, парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни илгари суришда парламентлардаги дўстлик гуруҳларининг ролини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида 2026 йилда навбатдаги Парламентлараро форумни Ўзбекистонда ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон билан дўстлик лигаси 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда унинг аъзолари сони 40 нафардан ортиқ. Улар орасида Япониянинг таниқли сиёсат арбоблари, нуфузли депутат ва дипломатлари ҳам мавжуд.

Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.