
Ўзбекистонда оилавий қонунчиликни янгилаш бўйича катта ислоҳот бошланган: мақсад — эскича урф-одатларни чеклаш, аёллар ва вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини кучлироқ ҳимоя қилиш. Адлия вазирлиги никоҳ қоидаларини кескин қайта кўриб чиқадиган ва бузилишлар учун жавобгарликни оширадиган янги қонун лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.
Асосий янгилик — никоҳи тақиқланадиган қариндошлар рўйхати кенгайтирилиши. Энди ён томондан қариндошликнинг тўртинчи авлодигача бўлган яқинлар ўртасидаги иттифоқлар қатъий чекланади: амаки-хола ва жиянлар, шунингдек, иккинчи, учинчи ва тўртинчи даражадаги қариндошлар ҳам бу рўйхатга киради.
Шу билан бирга, айрим ҳолатлар истисно сифатида кўзда тутилмоқда: агар никоҳга кираётганлардан бири асраб олинган ёки ўгай фарзанд бўлиб, амалда иккинчи шахсга нисбатан 1–4 даражадаги қариндош ҳисобланмаса, бундай вазиятлар алоҳида тартибда баҳоланади.
Расмийлар эрта турмуш амалиётига қарши курашни ҳам кучайтирмоқчи. Махсус ҳолатларда — масалан, ҳомиладорлик ёки бола туғилиши сабаб — туман ҳокимлари никоҳ ёшини пасайтириши мумкин, бироқ бу муддат энди кўпи билан 12 ой билан чекланади.
Қонунни четлаб ўтиб, вояга етмаган билан такроран “амалдаги никоҳ” муносабатларини йўлга қўйганлар (аввал маъмурий огоҳлантириш олган бўлса) учун жазолар анча оғир бўлиши кутилмоқда. Жарима миқдорини 50–100 БҲМгача ошириш таклиф қилинмоқда — бу 20,6 миллион сўмдан 41,2 миллион сўмгача. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлар 300 соатгача мажбурий жамоат ишларига ёки икки йилгача тузатиш ишларига юборилиши мумкин.
Ҳозир амалдаги тартибда эса бундай ҳолатлар учун 20–30 БҲМ миқдорида жарима (8,2 миллион сўмдан 12,3 миллион сўмгача), ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари, ёки 1 йилгача тузатиш ишлари белгиланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.