
29 декабр куни Президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф ал-Утайбини қабул қилди. Дипломат республикадаги миссиясини якунлаётгани муносабати билан ўтган учрашувда томонлар ҳамкорлик натижаларини сарҳисоб қилди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Давлат раҳбари элчининг икки мамлакат яқинлашувидаги шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди. Сўнгги йилларда ўзбек-саудия алоқалари янги босқичга чиққанлиги, турли даражадаги мулоқотлар мунтазам тус олгани ва иқтисодий шериклик стратегик кўлам касб этгани таъкидланди.
Маълумотларга кўра, етакчи саудия компаниялари билан шаклланган лойиҳалар портфели 27 миллиард доллардан ошган. «Яшил» энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ҳамда инфратузилмани модернизация қилиш йўналишларидаги қўшма ташаббуслар фаоллашгани, савдо айланмаси ўсиши ва қўшма корхоналар сони кўпайиши саудия бизнесининг Ўзбекистон бозорига узоқ муддатли қизиқишини кўрсатаётгани қайд этилди.
Учрашувда маънавий алоқалар ҳам эътибордан четда қолмади. Президент Саудия томонига Ўзбекистондан Ҳаж ва Умра зиёратчилари учун яратилаётган қулай шароитлар учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, маданий ҳамкорлик доирасида йил давомида Саудия Арабистонида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилгани ҳамда республиканинг Ар-Риёддаги халқаро китоб кўргазмасида иштироки алоҳида эслатиб ўтилди.
Ушбу хизматларни эътироф этган ҳолда Шавкат Мирзиёев Юсуф ал-Утайбига «Дўстлик» орденини топширди. Элчи эса билдирилган юксак баҳо учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама алоқалар ривожида Ўзбекистон раҳбари қўллаб-қувватлови муҳим омил бўлганини таъкидлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.