
Ижтимоий тармоқларда фуқаролар жорий йил 31 декабргача паспорт ва туғилганлик гувоҳномаси билан поликлиникага бориб, DMED ахборот тизимига “бириктирилиши” кераклиги, акс ҳолда тиббий хизматлар пуллик бўлиб қолиши ҳақида хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Вазирликка кўра, ҳозирнинг ўзида DMED тизимига 37,7 миллион фуқаро уланган ва уларнинг электрон тиббий карталари тўлиқ шакллантирилган. Шу сабабли аҳолини тизимда қайтадан рўйхатдан ўтказишга эҳтиёж йўқ.
Шунингдек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ бирламчи тиббий-санитария ёрдами КТМП, ОП ва ОСҲП муассасаларида давлат кафолатлаган ҳажм доирасида аҳолига бепул кўрсатилиши эслатилди. Кафолатланган пакет доирасидаги хизматлардан бепул фойдаланиш учун фуқаролар белгиланган муддатларда профилактик кўриклардан ўтиши ҳамда оилавий шифокор ёки тиббий бригадага мурожаат қилиши лозим. Бунда шошилинч ва тез тиббий ёрдам алоҳида истисно ҳисобланади.
Вазирлик изоҳига кўра, оилавий шифокор зарурат туғилса, ташхис ва даволаш стандартларига асосан тор мутахассисга ёки стационарга электрон йўлланма беради. Ана шу йўлланма асосида бемор профиль шифокор кўригидан ўтади ва керак бўлса, шифохонага ётқизилади.
Шу тариқа, DMED’da рўйхатдан ўтмаганлар сабаб тиббий хизматлар пуллик тизимга ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги гаплар асоссиз экани таъкидланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.