
Ўзбекистонда газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида давлатга етказилган зарар 1,2 триллион сўмдан ошди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Қайд этилишича, йил бошидан буён табиий газ ҳамда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қарийб 2,9 мингта ҳолат аниқланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, умумий зарар 1,2 триллион сўмни ташкил этган.
Кўрсатилган сумманинг 668,9 миллиард сўми электр энергиясини ноқонуний истеъмол қилиш, 574,7 миллиард сўми эса табиий газдан қонунга хилоф фойдаланиш ҳиссасига тўғри келади.
Аниқланган қоидабузарликларга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 2 696 та ҳужжатлар тўплами юборилган. Шунингдек, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузган истеъмолчиларга нисбатан 5 296 та маъмурий иш расмийлаштирилган.
Ёқилғи маҳсулотлари сифатини назорат қилиш доирасида АЁҚШ ва корхоналарда ҳам қатор камчиликлар аниқланган. Олинган намуналар таҳлили натижасида 377 та ҳолатда 9,3 миллион литр сифатсиз нефть маҳсулотлари борлиги маълум бўлиб, уларнинг сотувга чиқарилиши тўхтатилган.
Аввалроқ, 2025 йил октябрь ойида мамлакатда табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари яна кўпайгани хабар қилинганди. Узэнергоинспекция маълумотига кўра, бир ой ичидаги ўғирликлар оқибатида кўрилган зарар 99 миллиард сўмдан ошган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.