
Солиқ қўмитаси якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар учун Paynet Xolis мобил иловасини ўрнатиш мажбурий эмаслигини маълум қилди. Идора бу ечимдан фойдаланиш ихтиёрий эканини таъкидлади. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Қўмита изоҳига кўра, шаффоф тадбиркорлик муҳитини шакллантириш учун ишлаб чиқилган илова ҳеч кимга мажбуран ўрнатилмаслиги керак.
Агар солиқ органлари ходимлари томонидан босим бўлса, солиқ тўловчиларга 1198 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш ёки ҳудудий солиқ инспекцияларига мурожаат этиш тавсия этилди.
Шунингдек, қўмита бошқа вазирлик ва идоралар ҳамда тўлов ташкилотлари билан биргаликда янги сервислар устида иш олиб бораётганини билдирди. Ушбу ташаббуслар тадбиркорларни расмий секторга ихтиёрий ўтишга рағбатлантириш ва улар учун мавжуд рақамли воситаларни кенгайтиришга қаратилган.
Баёнот интернетда пайдо бўлган эътирозлар фонида янгради: айрим тадбиркорлар солиқ ходимлари иловани ўрнатишни талаб қилаётганидан шикоят қилган. Ҳолат юзасидан Podrobno.uz таҳририяти Солиқ ва Монополияга қарши қўмиталарга мурожаат йўллаган, бироқ ҳозирча расмий жавоблар келиб тушмаган.
Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев 2026 йилга бориб яширин иқтисодиёт улушини 45–50 фоиздан 28 фоизгача камайтириш режалаштирилаётганини, асосий солиқ ставкалари эса ўзгаришсиз қолишини айтганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.