date

Саида Мирзиёева Президент администрацияси устувор йўналишларини айтди

Саида Мирзиёева Президент администрацияси устувор йўналишларини айтди

Alter Ego медиалойиҳасига берган катта интервьюсида Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ислоҳотлар бугун ҳали энди “старт” олганини таъкидлади. Унинг фикрича, янгиланишлар тўхтаб қолгани ёки “платога чиққан”и ҳақидаги гаплар ҳақиқатдан йироқ — жараён узоқ муддатли ва ҳали якунига етмаган. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.

Мирзиёева оралиқ натижаларни баҳолар экан, бизнес муҳити бўйича ижобий силжишлар амалда сезила бошлаганини айтди. Бироқ манзара ҳамон бир текис эмас: ҳудудлар кесимида муаммолар кўп, жойларда давлат дуч келаётган объектив чекловлар ҳам мавжуд.

Асосий тўсиқлар сифатида географик ёпиқлик тилга олинди — океанга чиқиш учун камида икки давлат ҳудудидан ўтишга тўғри келади. Шунингдек, молиявий ресурслар танқислиги ва инфратузилманинг жиддий эскиргани ҳам ислоҳотлар суръатига таъсир қилаётган омиллар қаторида қайд этилди.

Та’кидланишича, Ўзбекистондаги муҳандислик ва ижтимоий тармоқларнинг салмоқли қисми 1950–1970-йилларда барпо этилган. Совет давридан қолган тизимларни янгилаш улкан сармоя талаб қилгани учун ҳукумат инфратузилма лойиҳаларини босқичма-босқич амалга ошириш йўлини танламоқда.

Президент администрацияси ишида бешта асосий йўналиш аниқ белгиланган. Рўйхатнинг биринчи қаторида сув масаласи турибди: Мирзиёева сув ресурслари муаммосини яқин келажакда энг кескин тус оладиган ҳаёт-мамот даражасидаги чақириқ сифатида баҳолади.

Қолган устуворликлар орасида таълим, соғлиқни сақлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бор. Суд тизимидаги ўзгаришлар эса, унинг таъбири билан айтганда, шаффофлик ва адолатни бошқа соҳаларда ҳам таъминлайдиган пойдевор вазифасини бажаради.

Суҳбатда бошқарув услуби ва топшириқлар ижроси назорати масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Мирзиёева Администрациядаги вазифаси “ҳисобот учун чиройли манзара” яратишга эмас, реал натижага қаратилганини айтиб, жойлардаги маълумотларни бузиб кўрсатишга нисбатан кескин позициясини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, ички текширув тизими ва муқобил ахборот каналлари раҳбариятга вазиятни холис кўриш имконини беради. Шу боис, нотўғри маълумот бериш уринишлари самарасиз экани қайд этилди.

Ҳозир амалда учрайдиган “қўлда бошқариш” — яъни маҳаллий муаммоларни ҳал қилиш учун юқори раҳбарларнинг бевосита аралашуви — ўтиш даврига хос ҳолат сифатида баҳоланди. Ҳар бир бундай ҳолат жамоа томонидан алоҳида воқеа сифатида эмас, тизимдаги носозликни топиш ва келгусида такрорланмаслиги учун қонунчилик ҳамда меъёрий базани тўғрилаш имконияти сифатида таҳлил қилинади.

Мирзиёева турли йўналишлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқлигини ҳам эслатди — гендер тенглик масаласидан тортиб, бизнеснинг суд орқали ҳимояси самарадорлигигача бўлган занжир бир тизимда ишлайди.

Якунда у шахсий мотивацияси ҳақида ҳам тўхталиб, халқаро дипломатияга қизиқиши узоқ йиллардан бери давом этишини айтди. Унинг қарашида, алоқаларни йўлга қўйиш — энг муҳим кўникмалардан бири, бошқарувдаги асосий тамойил эса проактивлик бўлиб, ҳар бир муаммо тизимни кучайтириш учун ўсиш нуқтаси бўла олади.

Шунингдек, Ўзбекистон дунёдаги “double-landlocked” — океанга чиқиш учун камида икки давлат ҳудудидан ўтиши керак бўлган икки мамлакатдан бири экани (Лихтенштейн билан бирга) эслатилди. Бу ҳолат экспорт-импорт харажатларини оширади, шу сабаб логистика ва транспорт йўналишларини ривожлантириш ислоҳотлар муваффақиятида ҳал қилувчи омиллардан бири сифатида кўрилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Саида Мирзиёева Президент администрацияси устувор йўналишларини айтди