Сунъий интеллект бўйича энг яхши натижа кўрсатган мактаблар электромобил билан тақдирланади

Ўзбекистонда сунъий интеллект йўналишида энг юқори натижаларга эришган мактаблар электромобиллар билан рағбатлантирилади. Бу тартиб 2025 йил 31 декабрдаги Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган бўлиб, у ёшларни IT соҳасига кенг жалб этиш ва рақамли кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Ҳужжатга кўра, мамлакатда “Сунъий интеллект соҳасида беш миллион лидер” лойиҳаси йўлга қўйилади. У аввалги “Бир миллион дастурчи” ташаббусининг мантиқий давоми сифатида режалаштирилган. Лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Ташаббус доирасида ёшларни сунъий интеллект технологиялари билан ишлаш кўникмаларига оммавий ўқитиш билан бирга, юқори натижа кўрсатган иштирокчилар, педагоглар ва таълим муассасаларини тизимли рағбатлантириш кўзда тутилган. Шу мақсадда ҳар йили миллий танлов ўтказилиб, лойиҳа доирасидаги энг яхши иштирокчилар аниқланади.
Танлов ғолиблари пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Хусусан, 100 нафар ўқитувчига 1 минг доллар эквивалентида пул мукофоти берилади, яна 10 нафар педагог хорижга сайоҳат йўлланмалари билан рағбатлантирилади. Ёшлар учун 500 та ноутбук ва 500 та қимматбаҳо совға ажратилади.
Бундан ташқари, учта олий таълим муассасаси пул мукофотига эга бўлади. Сунъий интеллект йўналишида энг яхши натижа қайд этган икки умумтаълим мактаби эса “Президент совғаси” сифатида электромобиллар билан тақдирланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда боғча ва мактаб педагоглари ўртача иш ҳақини босқичма-босқич икки баравар ошириш режалаштирилган. Бу норма жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент фармони лойиҳасида назарда тутилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!