Ўзбекистонда 2025 йил 15,1 млн тоннадан ортиқ маиший чиқинди йиғилди

Экология қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги 2025 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ўтказди. Унда чиқиндиларни бошқариш, санитария хизматлари қамрови, инфратузилмани ривожлантириш ва соҳани рақамлаштириш бўйича асосий натижалар маълум қилинди.
Қайд этилишича, республикадаги 9 минг 452 та маҳаллада яшовчи 37,5 миллион аҳолининг 8 минг 105 та маҳалласи, яъни 23,9 миллион нафари санитария тозалаш хизматлари билан қамраб олинган. 2025 йил якунларига кўра, мамлакат бўйича жами 15,1 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлган. Аҳоли хизматлар учун 1 триллион 304 миллиард сўм тўлов қилган, дебитор қарздорлик эса 622,7 миллиард сўмни ташкил этган.
Шу билан бирга, амалда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 211,9 миллиард сўмлик нореал дебитор қарздорлик электрон тизимдан чиқариб ташлангани айтилди. Соҳа шаффофлиги учун “Тоза Макон” ягона электрон биллинг тизими узлуксиз ишга туширилган.
Инфратузилма бўйича 6 та ҳудудда экосаноат зоналари, 11 та ҳудудда 14 та қайта юклаш пунктларини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Андижон, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида чиқиндиларни термик усулда қайта ишлаб, электр энергияси ишлаб чиқарадиган заводлар барпо этилмоқда. Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанд ва Бухоро вилоятларида тиббиёт чиқиндиларини ёқиш орқали иссиқлик олиш лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда.
Санитар тозалаш корхоналарига 79 та чиқинди ташиш техникаси ва 220 та контейнер берилган. 3 минг 230 та махсус техникага GPS ўрнатилиб, транспорт ҳаракати ва хизмат сифати назоратга олинган. Шунингдек, 21 минг 300 дан ортиқ мурожаат ўрганилган, экологик талабларга жавоб бермаган, умумий майдони қарийб 100 гектар бўлган 23 та чиқинди полигони фаолияти тўхтатилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!