date

Қорақалпоғистонда “Besqala Mining Valley” крипто зонаси ташкил этилди

Қорақалпоғистонда “Besqala Mining Valley” крипто зонаси ташкил этилди

Ўзбекистонда криптоиқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган янги стратегик ташаббус амалга оширилмоқда. Президентнинг ПҚ–143-сон қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида “Besqala Mining Valley” номли махсус майнинг зонаси ташкил этилиши белгиланди.

Қарорга асосан, мазкур махсус ҳудуд сифатида Қорақалпоғистоннинг бутун территорияси қамраб олинади. Бу ерда майнинг фаолияти учун ягона энергетика тизимидан фойдаланиш имконияти яратилади, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда водород асосида ишлайдиган электр станцияларида ишлаб чиқарилган энергия ҳам жалб этилади.

Янги тизим доирасида иштирокчиларга крипто-активлар билан кенг қамровли операциялар ўтказиш ҳуқуқи берилган. Жумладан, майнинг орқали олинган рақамли активлар миллий крипто-биржаларда ёки халқаро платформаларда сотилиши мумкин. Шу билан бирга, уларни бошқа крипто-активларга алмаштириш ёки тўғридан-тўғри шартномалар орқали реализация қилиш имконияти ҳам мавжуд.

Ушбу жараёнларни самарали мувофиқлаштириш мақсадида “Besqala Mining Valley” махсус майнинг зонаси дирекцияси ташкил этилади. Майнинг фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш бўйича асосий ишчи орган сифатида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги белгиланган.

Резидент мақомини олиш истагида бўлган юридик шахслар махсус зона дирекциясига мурожаат қилиб, рухсатнома асосида фаолият юритиш имконига эга бўлади.

Қарорга кўра, 2035 йил 1 январга қадар мазкур зона резидентларининг майнинг фаолиятидан олинадиган даромадлари барча солиқлар ва давлат йиғимларидан тўлиқ озод этилади.

Қисқаси, бу лойиҳа Қорақалпоғистонни минтақавий крипто марказга айлантириш, инвестиция оқимини ошириш ва янги технологияларни жадал жалб этишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Қорақалпоғистонда “Besqala Mining Valley” крипто зонаси ташкил этилди