Ёшлар учун янги имкониятлар: ипотека, таълим, стартапларга кенг имтиёзлар...

Ўзбекистонда ёш авлодни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Янги “Ёшлар — 2030” стратегияси доирасида ёш оилалар, тадбиркорлар ва талабалар учун қатор муҳим имтиёз ва енгилликлар жорий этилмоқда.
Энг аввало, ёш оилалар учун уй-жой масаласини енгиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Энди давлат ипотека кредитлари бўйича фоиз тўловларининг маълум қисмини қоплаб бериш орқали ёшларнинг молиявий юкини камайтиришни мақсад қилган. Ушбу дастур доирасида ҳар йили камида 10 мингта ёш оила қўллаб-қувватланиши режалаштирилган. Бу эса уйли бўлишни орзу қилаётган кўплаб ёшлар учун реал имконият эшигини очади.
Шу билан бирга, хорижга чиқишни режалаштираётган ёшлар учун ҳам қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, тил билиш даражасини тасдиқловчи B2 сертификатига эга бўлган фуқаролар учун халқаро паспорт (загранпаспорт) олишда давлат божи бекор қилиниши кўзда тутилган. Бу эса ёшларнинг чет элга чиқиши ва ўз имкониятларини кенгайтиришига хизмат қилади.
Ҳудудларда таълим инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида эса узоқ ва чекка ҳудудларда ўқув марказлари ташкил этувчиларга 300 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилиши режалаштирилмоқда. Бу орқали таълим хизматларини барча ҳудудларга етказиш ва сифатни ошириш кўзда тутилган.
Стартап экотизимини қўллаб-қувватлаш ҳам стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Янги лойиҳалар учун тармоққа уланиш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади, шунингдек, 206 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратиш орқали ёш тадбиркорларни рағбатлантириш кўзда тутилган.
Таълим соҳасида ҳам катта режалар белгиланган. Хусусан, 20 минг нафар ёшни дунёдаги етакчи университетлар билан ҳамкорликда тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Бу жараёнда Harvard University, Stanford University каби нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади.
Қисқача айтганда, “Ёшлар — 2030” стратегияси ёшларнинг уй-жой, таълим ва бизнес соҳаларидаги имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради. Энди бу имкониятлардан қай даражада фойдаланиш эса ёшларнинг ўз қўлида.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!