date

Март ойида авто бозори портлади: савдо 78 мингдан ошди

Март ойида авто бозори портлади: савдо 78 мингдан ошди

Ўзбекистонда 2026 йил март ойида енгил автомобиллар бозорида фаоллик кескин ошди. Бир ой ичида сотувлар 78 мингтадан ошиб, ўтган ойга нисбатан 19 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 20,6 фоизга ўсди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларида маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, деярли барча ҳудудларда автомобил бозори жонланган. Фақат Жиззах, Андижон ва Самарқанд вилоятларида бироз пасайиш кузатилган. Энг юқори ўсиш Сурхондарё вилоятида қайд этилиб, савдо ҳажми 51,4 фоизга ошган. Шунингдек, Тошкент вилоятида 46 фоизлик ўсиш қайд этилган бўлса, Сирдарё ва Навоийда мос равишда 34,5 ва 27,5 фоизлик ўсиш кузатилган. Пойтахт Тошкент шаҳрида эса бозор фаоллиги бир ойда 60,5 фоизга кўтарилган.

Бирламчи бозорда янги енгил автомобиллар савдоси қарийб 31 минг донани ташкил этиб, ойлик ҳисобда 13 фоиздан ортиқ ўсишни кўрсатди. Йиллик динамикада эса ўсиш 37 фоизга етган. Маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар сегментида сотувлар 25 мингтага яқинлашиб, ойлик 3,8 фоизга, йиллик эса 26,5 фоизга кўпайган.

Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегментида эса ўсиш янада тез бўлди. Бир ойда сотувлар қарийб икки бараварга ошиб, 5,7 мингтага етган. Йиллик кўрсаткичлар ҳам икки баравардан зиёд ўсишни кўрсатмоқда.

Иккиламчи бозорда ҳам сезиларли жонланиш кузатилди. Март ойида ишлатилган енгил автомобиллар савдоси 47,5 минг донани ташкил этиб, ойлик ҳисобда 23 фоизга ошган. Йиллик ўсиш эса 12 фоиз атрофида бўлди.

Электромобильлар бозори ҳам изчил ривожланмоқда. Март ойида улар савдоси 5,5 мингтага етиб, ўтган йилга нисбатан 24 фоизга кўпайди. 8 та ҳудудда ўсиш қайд этилган бўлса, 4 та вилоятда пасайиш кузатилган. Энг катта ўсиш Хоразм вилоятида (5 баравар) қайд этилган. Шунингдек, Навоий (3,6 баравар), Жиззах (2,9 баравар) ва Фарғона (2,2 баравар) вилоятларида ҳам юқори ўсиш суръатлари кузатилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Март ойида авто бозори портлади: савдо 78 мингдан ошди