Наманганда кучли дўл ёғди: булутларга қарши снарядлар ишлатилди

23 июль куни Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида кучли дўл ёғиши кузатилди. Бу ҳақда Ўзгидромет расмий маълумот берди. Табиат ҳодисаси кузатилиши билан бир вақтда дўлнинг олдини олиш мақсадида махсус чоралар ҳам амалга оширилган.
Маълум қилинишича, Янгиқўрғон туманига қўшни Қирғизистон ҳудудининг шимоли-ғарбий қисми томонидан конвектив дўлли булутлар кириб келган. Шу муносабат билан дўл ёғишининг олдини олиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари ва маҳсулотларини муҳофаза қилиш мақсадида Янгиқўрғон ГЖТК БМС томонидан жами 18 дона «Алазан-6» дўлга қарши воситаси қўлланган.
Хусусан, 1-сонли ТКПдан Исковот, Янгиҳаёт ва Ҳадикент ҳудудлари йўналишида 6 дона, 3-сонли ТКПдан Боғистон ва Ўртаяланғоч ҳудудлари бўйича яна 6 дона, 4-сонли ТКПдан эса Боғистон, Ўртаяланғоч ҳамда Ҳадикент томонларга қаратилган ҳолда 6 дона снаряд учирилган.
Шунга қарамай, таъсир ишлари якунланганидан сўнг, соат 14:03 да Янгиқўрғон туманининг Заркент, Ўзак ва Янгиҳаёт қишлоқлари ҳудудида дўл ёғиши қайд этилган.
Мутахассислар маълум қилишича, дўл ҳодисаси 41 даража 22 дақиқа 25,5 сония шимолий кенглик ва 71 даража 40 дақиқа 56,7 сония шарқий узунлик географик координаталарида кузатилган.
Ҳозирги вақтда мутахассислар томонидан қўлланилган таъсир чораларининг самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, эҳтимолий зарарлар кўламини аниқлаш мақсадида дўл кузатилган ҳудудларда махсус дала ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг натижалари асосида ҳодисанинг қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга таъсирига оид қўшимча маълумотлар тақдим этилиши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…