Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7 миллиондан ошди

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–июнь ойлари якунларига кўра, ўртача ойлик номинал иш ҳақи илк бор 7 миллион сўмлик чегарадан ошди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, мамлакат бўйича ўртача ойлик маош 7 миллион 91,1 минг сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,4 фоизга юқори кўрсаткичдир.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилди. Пойтахтда ходимларнинг ўртача ойлик даромади 12 миллион 13,9 минг сўмга етган. Навоий вилояти 8 миллион 722,7 минг сўм билан иккинчи ўринни эгаллаган. Қолган ҳудудларда эса бу кўрсаткич асосан 4,8–6,7 миллион сўм оралиғида шаклланган.
Соҳалар бўйича таҳлил қилинганда, энг юқори маош банк, суғурта, лизинг ва молиявий хизматлар йўналишида қайд этилган. Ушбу соҳада ўртача ойлик иш ҳақи 19 миллион 100,2 минг сўмни ташкил қилди. Ахборот ва алоқа соҳасида бу кўрсаткич 17 миллион 417,4 минг сўмга, ташиш ва сақлаш тармоғида эса 11 миллион 70 минг сўмга етган.

Шунингдек, саноат соҳасида ўртача ойлик маош 8 миллион 267 минг сўм, қурилишда 7 миллион 27,9 минг сўм, савдо тармоғида 7 миллион 650,5 минг сўмни ташкил этган.
Ижтимоий соҳаларда ҳам ижобий ўсиш кузатилди. Жумладан, таълим тизимида ўртача иш ҳақи 4 миллион 977,1 минг сўмга, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида эса 4 миллион 440,3 минг сўмга етган. Ҳар икки йўналишда ҳам ўтган йилга нисбатан 20 фоиз атрофида ўсиш қайд этилган.
Мутахассислар фикрича, ўртача ойлик иш ҳақининг ўсиши меҳнат бозоридаги фаоллик ва иқтисодиётнинг айрим тармоқларида иш ҳақлари босқичма-босқич оширилаётгани билан изоҳланмоқда.






























Изоҳлар 0
…