Ўзбекистонда ҳафта охирида иссиқ яна кучаяди

Ўзбекистонда жорий ҳафтанинг биринчи ярмида иқлимий меъёрларга яқин, бироз иссиқ об-ҳаво кузатилади. Кундуз кунлари ҳаво ҳарорати 32–35 даража атрофида бўлади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Ҳафтанинг иккинчи ярмида эса иссиқ яна бироз кучаяди. Кундузги ҳарорат 2–3 даражага кўтарилиб, аксарият ҳудудларда 35–38 даражани, мамлакат жанубида эса 39–40 даражани ташкил этади.
Кечалари ҳаво асосан 18–23 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
24–28 август кунлари республика ҳудудида ҳаво бироз булутли, айрим жойларда эса ўзгарувчан бўлади. 24 август куни Тошкент ва Фарғона вилоятларининг айрим тоғли ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.
Шамол шарқдан 7–12 м/с тезликда эсади. 24 август куни айрим ҳудудларда шамол тезлиги 13–18 м/с гача кучайиши ва чанг-тўзонлар юзага келиши эҳтимоли бор.
Тошкентда ҳафта давомида асосан бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгарувчан об-ҳаво кузатилади. Ёғингарчилик кутилмаяпти.
Пойтахтда 24–26 август кунлари кундузи ҳаво 32–35 даража, 27–28 август кунлари эса 35–37 даража бўлади. Кечалари ҳарорат 18–21 даража атрофида сақланади.
Тошкентда шамол шарқдан 3–8 м/с тезликда эсади. 24 август куни у 11–14 м/с гача кучайиши ва шаҳарнинг айрим ҳудудларида чанг-тўзон кузатилиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…