14:31 / 07.07.2017
5 394

Президент дори-дармон таъминотидаги муаммоларни ҳал қилишга топшириқ берди

Президент дори-дармон таъминотидаги муаммоларни ҳал қилишга топшириқ берди
6 июль куни Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу йил бошидан буён соҳа вакиллари билан ўтказилган учинчи видеоселектор бўлди.

Йиғилишда тиббиёт соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида кейинги пайтда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар эътироф этилди.

Айни пайтда соғлиқни сақлаш соҳасида бир қатор камчиликлар ҳам кўзга ташланаётгани мажлисда танқидий таҳлил асосида кўрсатиб берилди. Хусусан, патронаж ишлари талаб даражасида эмаслигига урғу берилди. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига патронаж хизматининг мазмун-моҳияти ва асосий вазифалари аниқ белгилаб қўйиладиган алоҳида Низом тайёрлаш вазифаси топширилди.

«Биз энди тиббиёт муассасаси, жумладан, патронаж хизматининг фаолиятига соҳа амалдорлари эмас, балки оддий одамлар, аҳолининг бевосита ўзи холис баҳо берадиган тизим яратишимиз керак», — деди давлат раҳбари.

Йиғилишда яна бир долзарб муаммо — минтақа ва ҳудудларда шифокор кадрлар етишмовчилиги билан боғлиқ масала ҳам муҳокама қилиниб, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш мақсадида тиббиёт ходимлари учун зарур шароитлар яратиш, жумладан, уларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар, истеъмол кредитлари билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш ҳақида кўрсатма берилди.

Яна бир устувор йўналиш — республикада соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантиришнинг мавжуд ҳолати атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада давлат раҳбарининг жорий йил 1 апрелда қабул қилинган қарорига биноан хусусий тиббиёт муассасасалари фаолиятига чекловлар бекор қилиниб, қатор имтиёзлар берилгани, улар учун барча турдаги юқори технологик операцияларни амалга оширишга рухсат этилгани таъкидланди. Лекин яратиб берилган катта имкониятларга қарамасдан, бу борада сусткашликка йўл қўйилаётгани танқидий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилинди. Бу масалада, айниқса, Сирдарё, Жиззах, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида жиддий камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Маҳаллий ҳокимликлар хусусий тиббиёт соҳасига сармоя жалб қилиш масаласига, янги муассаса ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорларга етарли даражада эътибор бермаётгани билан боғлиқ камчиликлар танқид қилиниб, соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни ривожлантириш юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Жумладан, шу борада «Асакабанк» қошида Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб топилди ва давлат раҳбарининг кўрсатмасига биноан қўшимча молиявий манбалар ҳисобидан ушбу жамғармага 14 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилди.

Мажлисда хорижий мамлакатлардан юқори малакали шифокор мутахассисларни жалб этиб, уларнинг билим ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар кўриш юзасидан топшириқлар берилди.

Йиғилишда олиб борилаётган доимий мониторинг ишлари дори-дармон таъминоти ва нархи бўйича жиддий муаммолар борлигини кўрсатаётгани аниқ мисоллар орқали қайд этилди.

Мутасадди ташкилотларга нархлари чекланган дори воситаларини ишлаб чиқариш, уларнинг дорихоналарда доимий мавжуд бўлиши ва рецепт асосида берилишини таъминлаш каби тадбирлар механизмини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
[media=https://youtu.be/aQH7igcWzFA]

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент дори-дармон таъминотидаги муаммоларни ҳал қилишга топшириқ берди