Иккинчи жаҳон уруши якунланганидан сўнг собиқ иттифоқда ёзувчи аталганларнинг аксарияти мемуар ёзишга киришиб кетган экан. Табиийки, неча киши бундай асар ёзса, шунча талқин юзага келади, тарих ҳақиқатлари тахмин, нуқтаи назар ва энг ёмони ёлғон таъсирида кўмилиб кетади. Шунда ҳукумат ҳаммасига чек қўйиб, бундай асарлар чоп этилишини тўхтатиб қўйган, чуқур ўрганишлар ва назоратдан кейингина айримларига рухсат берган экан.
Тарих шундайки, унда кечган жараёнларга, айниқса маълум шахслар фаолиятига дарҳол баҳо бериш тўғри бўлмайди. Охирги пайтларда сўз эркинлиги эпкинларидан руҳланибми, ёки бу мавзу оммабоплигидан илҳомланибми, биринчи президентимиз Ислом Каримов фаолиятига баҳо бериш, унинг ислоҳотларини таҳлил қилиш, у қолдирган давлатнинг ҳар бир тизимини тарозига солиб кўриш урф бўлди.
Албатта, ҳар бир давлат раҳбари фаолияти кўп йиллар, ҳатто асрлар муҳокама қилинади, давр синовларида турлича баҳоланаверади. Аммо юзаки қараш, шошма- шошарлик билан қиёслаш, айниқса вазиятни тушунмай хулоса чиқариш дуруст эмас.
Келинг, ҳатто сиёсатдан узоқ бўлган оддий инсон ҳам таҳлил қилиши мумкин бўлган айрим жиҳатларни ёдга оламиз.
1. Мустақилликка эришган йилларимизда ўспирин ёшда эдим. Нарх-наво шиддат билан ўсиб борар, инсон жон сақлаши учун зарур бўлган озиқ овқатлар танқислиги юзага келганди.
Нон учун соатлаб навбатда турардик, кечаси бориб тонгда нон сотиб олган пайтларимиз бўлган. Ота-оналаримиз бизнинг қорнимизни тўйдириш учун нима қилишни билмай бир-бирларига тикилиб қолганларининг гувоҳи бўлганмиз. Кейинчалик ун сотилмай қолди, ҳамма буғдой тортиб нон ёпа бошлади. Тегирмон кўпайди. Қишлоқлардаги олди-сотдида пул ўрнига ғалла ишлатила бошланди.
Шундай кунларда бир аёлнинг буғдой олиш учун комбайнга яқинлашиб янчилиб кетганини эшитиб, даҳшатга тушгандим. Бу воқеа аслида бўлганми, йўқми, билмайман. Лекин ҳар бир таъсирли воқеани баҳолашда албатта давлат раҳбарларини айблаш менда ҳам бўлган. «Бечора аёл болаларини боқиш учун парча-парча бўлиб кетсая. Юқоридагиларда инсоф борми?..» Аммо барибир бу масалада қатъий турилди, ҳар бир бошоқ дон давлат назоратига олинди ва ниҳоят ғалла мустақиллигига эришилди. Бугун, яратганга шукр, нон муаммоси йўқ. Албатта, баҳо бергувчилар наздида бу жуда оддий ютуқ туйилиши мумкин, аммо бутун бир халқнинг очлик чангалига тушиб қолмай ўзини ўзи эплаб кетганини, бунинг учун тўғри йўл танлаб олинганини тушунганлар тушунади.
2. Бу воқеага 20 йилдан ошди. Бир инсонни танирдим, жуда хушмуомала, кўнгли очиқ одам эди. Бир тўйда нима жин урадию ичиб олади. Ёнида ўтирган бир рус йигит билан гап талашади ва аччиқ устида стол устидаги пичоқни олиб қорнига санчади. Бу бир қарашда оддий маиший жиноят туйилар, аммо акамиз ўзини билмай катта хато қилиб қўяди: миллат номини айтиб «Сенларнинг ҳаммангни қириш керак» деб юборади. Жароҳатланган йигит тузалиб кетди, ҳатто ўзи ва оиласи даъво аризасидан воз кечди. Аммо суд жиноят қилганни кечирмади ва 14 йил жазо тайинлади. Ахир бир қарашда бу жуда қаттиқ жазо эди, 14 йил унинг хотини ва ёш болалари нима қилишади?
Бунинг ҳам маъносини йиллар ўтиб тушуняпман.
Ўзбекистонда юздан ортиқ миллат ва элатлар тинч тотувликда ҳаёт кечирмоқда, деган жумлани кўп эшитамиз. Аммо ҳар доим ҳам шундай бўлганми? Ёки саволни бошқача қўяйлик, ҳатто ҳозирги кунда ҳам кўпчилик давлатлар миллатчилик балосидан қутулиб бўлишганми?
Юқоридаги воқеа юз беришидан салгина олдин Фарғона воқеалари бўлиб ўтган, Самарқанд, Бухоро каби йирик шаҳарларда ҳам миллатчиликнинг совуқ нафаси уфуриб қолганди. Агар ўша пайтда шу масалага жиддий қаралмаса, арзимас туйилган ҳолатга ҳам қатъий чора кўрилмаса, бугунги кундаги тотувлик биз учун ушалмас орзуга айланиши аниқ эди. Чунки атрофимиздаги бирорта қўшнимиз биз каби кўпмиллатли эмас, теваракдаги бирорта давлатда турли миллатлар бизники каби кичик ҳудудда аралашиб кетишмаган;
3. Собиқ иттифоқ пайтида борлиги билинмаган чегараларга симтўрлар тортилди. Борди-келди қилиш анча қийинлашди. Айниқса қариндош-уруғчилик, қуда-андачиликка азият етди, пиёда борса бўладиган жойларга етиш учун минглаб чақирим йўл босишга, ўнлаб ҳужжатлар олишга тўғри келарди.
Бир қарашда ҳаммаси осондек эди – чегара очиб юборилса ҳаммаси из-изга тушиб кетадиган, ҳамма бахтиёр бўладиган, давлат ҳам катта фойда кўрадигандек… Аммо Афғонистондаги қора кучлар қўшни давлатларга реал тажоввуз қилган ва мақсадларига эришиб, янги марраларни кўзлаётган, терроризм ўчоқлари кун сайин кўпаяётган, озгина бўш қўйилган ҳудудда контрабанда, гиёҳванд моддалар транзити авж олаётган бир пайтда бундай қилишнинг асло иложи йўқ эди. Иқтисодий жиҳатдан зарар ҳисобига бўлса ҳам, ноқулайликлардан норозиликлар туғилса ҳам, ҳудудий яхлитлик узил-кесил таъминланди, тартиб ўрнатилди, энг муҳими Ўзбекистон сарҳадлари шунчаки топтаб ўтиб кетиладиган чизиқлар эмаслиги, албатта ҳисоблашиш зарурлиги англаб етилди.
4. Диний фаолият тартиблари қатъийлашди, назорат кучайди, кўпчилик масжидлар беркилди.
Ҳа, шундай бўлди.
Кичкина болалар эдик, маҳалламизнинг ўзида учта масжид бор эди. Ҳар бирининг илми мавҳум ўз имоми, ўз жамоати, ҳаттоки ўз ғоявий йўли… Улар ёпилиб кетганида кўпчилик норози бўлганди. Наҳот аксарият аҳолиси мусулмон бўлган давлатда масжидлар ёпилса? Кейинчалик йирик масжидлар қурилди, кичиклари кенгайтирилди, ҳар бир диний маскан албатта давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт қилиб қўйилди. Бошқа соҳаларга нисбатан ҳам диний соҳа кўпроқ ислоҳотларга учради, ягона тизимга бирлашди, мафкурада, маънавиятда муҳим ўрин тута бошлади.
Бу жараёнларнинг моҳиятини тўғри англаш лозим. Даврнинг энг оғриқли нуқтаси терроризм эканлиги сир эмас. Энг ачинарлиси бу иллат муқаддас динимиз билан боғлаб кўрсатилиши бўлмоқда. Охирги йилларда хорижнинг аксарият телеканаллари «террорист» сўзини «исламист» дея алмаштиришгача бордилар. Айни шундай пайтда, диний масалани ўз ҳолига ташлаб қўйишнинг, айниқса зич яшовчи аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган, чор тарафдан радикал мафкура соя солиб турган биздай мамлакатда эътиқод масаласига жиддий қарамасликнинг асло иложи йўқ эди;
5. Иқтисодда давлат аралашувидан воз кечилмади ва ҳали ҳануз шундай тизим амал қилмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида қўшниларимиз иқтисодий эркинликка зўр беришди, давлат мулклари хусусийлаштирилди, савдо-сотиқ, импортга кенг йўл очилди. Ўшанда уларнинг бозорлари маълум муддат арзон маҳсулотга тўлди, бизнинг уларга ҳавасимиз келди, ўзимизни ортда қолаётгандай ҳис қилдик. Аммо кейинчалик энг катта ҳамкоримиз бўлган давлатда ҳам, қўшниларимизда ҳам хусусийлаштириш адолатли бўлмагани, давлат ўзининг аксарият бойлигини қўлдан чиқаргани, мамлакатнинг табиий неъматларидан туғилаётган миллиардлар бир гуруҳ корчалонларнинг чўнтагини тўлдираётгани бонг урила бошланди.
Кўпчилик қўшниларда савдо кучайгани билан ишлаб чиқариш деярли адо бўлди. Биз эса жуда қийинчилик билан ишлаб чиқаришни йўлга қўя бошладик ва бугунги кунда озми-кўпми натижага эришдик. Албатта, ҳали Германия, Японияга етишимизга анча бор, аммо ортимизда ҳам анчагина давлатлар борлигини, бир хил позициядан пойгага чиқиб олд қаторларда бораётганимизни унутмаслигимиз лозим.
6. Аҳолининг кўпчилик қисми хорижга чиқиб тирикчилик қилишга мажбур бўлди. Юртдошларимиз Россия, Қозоғистон меҳнат бозорларини тўлдиришди.
Ҳақ гап. Бундай жараёнлардан кўз юмиш ойни этак билан ёпиш каби. Бир мушоҳада қилиб кўрайлик, Истиқлолга эришган йилларимизда аҳоли сони қанча эди? Борингки, 20 миллион. Ҳозир-чи? Деярли 33 миллион. Ўзбекистон аҳолиси сонининг ўсиши бўйича собиқ иттифоқ бўйича мутлақ рекордчи ҳисобланади.
Эндигина мустақил бўлган, иқтисоди ҳали маълум бир ўзанга тушмаган, ҳар куни қайсидир йирик соҳаси қийинчилик гирдобига тушиб қолаётган давлат кун сайин ўсиб бораётган аҳолини иш билан таъминлай олмаслиги аён эди. Бундай жараёндан Туркия, Мексика каби ривожланган давлатлар ҳам ўтишган. Турклар Германияда муҳожирларининг аксариятини ташкил қилишган бўлса, мексикаликлар ҳалигача АҚШдаги мигрантлар орасида кўпчиликдир. Бизнинг улардан фарқли жиҳатимиз ўзга юртларда ишлаб юрган юртдошларимизнинг мутлақ аксарияти ўз келажагини ватани билан боғлайди, топганини ўзимизда сарфлайди, бу ишларни вақтинчалик деб билади. Демак бунинг фақат ёмон жиҳатини кўрмаслигимиз керак. Замон, иқтисод шунга мажбур қилди. Қолаверса, охирги йилларда муҳожирларимиз сони камая бошлади. Бу ҳам ўз юртимиз фарзандларини қайтара олиш салоҳияти ортаётганидан дарак.
7. Милиционерлар, махсус хизмат ходимлари жуда кўпайиб кетди. Ҳар қадамимиз назоратда бўлаётгандек туйилмоқда.
Тўқсонинчи йилларга қайтамиз. «Шайтанат» асари ва фильмидаги қайси ҳолат уйдирма? Ҳар бир шаҳарнинг ўз жиноий «эгаси», ҳар бир кўчанинг «разборщиги» борлиги эсимиздан чиқдими? Тунда эмин-эркин юра олармидик? Неча киши миниб юрган машинасидан, мол-мулкидан бир лаҳзада айрилиб қолгани, кейин яна ўз пулига қайтариб сотиб олгани ёдимиздадир. Ҳар куни кимнингдир жонига қасд қилинаётгани, ўғрилик, талончилик авж олганини унутдикми? Хўш, мутлақ издан чиққан бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак эди?
Мен фақат еттитагина жиҳатни санаб ўтдим. Аммо ёши улуғ ва синчков ҳамюртларимиз яна кўплаб мисолларни келтиришлари мумкин.
Албатта, юқорида таъкидланган баҳо берувчилар бу мавзуда баҳсга киришишга тайёр эканликларига шубҳа йўқ.
Аммо келинг, андак шошилмайлик. Аниқ шаклланмаган мафкураси, бир неча кунлик озиқ-овқат захираси, тўкилаётган иқтисоди, миллатлараро зиддиятлар туфайли «порохли бочка» дея таърифланган ҳудудлари, ўзини ҳимоя қилишга ҳоли йўқ армияси, биров писанд қилмаган чегараси бўлган давлатни қабул қилиб олиб, шу кунларга етказган, тинчликни асосий ютуққа айлантира билган биринчи президентимиз фаолиятига даврнинг ўзи баҳо берсин.
Аброр Зоҳидов, журналист
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар