14:10 / 22.09.2018
5 540

Балиқчилик соҳаси янада қўллаб-қувватланади

Балиқчилик соҳаси янада қўллаб-қувватланади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Балиқчилик соҳасини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг балиқчилик хўжаликлари сунъий сув ҳавза майдонларини босқичма-босқич интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда 2019 йилда интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштирилган сунъий сув ҳавза майдонларини прогноз параметрларини балиқчилик хўжаликлари кесимида ишлаб чиқиб тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда Хитой ва Вьетнам давлатларининг балиқчилик соҳасида илғор ва замонавий технологиялари асосида сунъий сув ҳавза майдонларида интенсив усулда балиқ етиштиришни ташкил этиш бўйича услубий тавсиялар ва намунавий лойиҳаларни ишлаб чиқиб жойларга етказилишини таъминлайдилар.

Белгилаб қўйилишича, балиқчилик фермер хўжаликларининг кадастр ҳужжатларида кўрсатилган интенсив усулда балиқ етиштирадиган ер майдонлари 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб дастлабки уч йил давомида ягона ер солиғидан озод этилади.

Ипотека-банк ва тижорат банкларига балиқчилик ташкилотларининг буюртмаларига биноан беш йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган ставка бўйича имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилади.

2022 йилнинг 1 январигача:

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига аъзо ташкилотлар томонидан четдан олиб келинадиган қафас (садок) ва ёпиқ сув айланма тизими ускуналари, сувга ҳаво пуркагичлари (аэраторлар), балиқ овлаш анжомлари, наслли она балиқ, балиқ увилдириғи, личинка, чавоқ балиқ, қайта ишлаш учун келтириладиган музлатилган балиқ маҳсулоти, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, музлатгич ва сақлаш ускуналари ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари, гранулаланган омухта ем, инкубация цехи, мелиорация ишлари учун махсус техникалар (бульдозер, экскаватор, фронтал юклагич, земснаряд, юк машинаси) ва тирик балиқ ташувчи транспорт воситалари;

чет эл ташкилотлари ва унинг шўъба корхоналари, дилерлик тармоқлари, фирма дўконлари томонидан балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжи учун четдан келтирадиган омухта ем, шунингдек хўжалик юритувчи субъектлар томонидан келтириладиган минерал ўғит (аммофос) божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳар йили моддий балансларни шакллантиришда балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжи учун минерал ўғит (аммофос) ҳажмларини 2019 йилдан бошлаб алоҳида сатрда ҳисобга олади;

балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун биржа савдоларига қўйилган минерал ўғит (аммофос) “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг ҳудудий ташкилотлари томонидан сотиб олинган ҳолда етказиб берилади;

минерал ўғит (аммофос)ни етказиб беришда пахта ва ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари учун назарда тутилган шартлар ва тартиблар балиқчилик хўжаликларига нисбатан жорий этилади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ сунъий сув ҳавза ҳосилдорлигини ошириш мақсадида балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжи учун зарур миқдордаги минерал ўғит (аммофос) ишлаб чиқаришни таъминлайди.

Белгиланишича, балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжи учун минерал ўғит (аммофос)ни биржа савдоларига қўйиш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси тасдиқланадиган ойма-ой график бўйича амалга оширилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Балиқчилик соҳаси янада қўллаб-қувватланади