date
views 5 248

Сенаторлар Жиноят кодексига ўзгартишлар киритишни маъқуллашди: Жарима тўлаб жавобгарликдан қутулиш мумкин

Сенаторлар Жиноят кодексига ўзгартишлар киритишни маъқуллашди: Жарима тўлаб жавобгарликдан қутулиш мумкин
27-28 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўтказилди.

Ўн олтинчи ялпи мажлис давомида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган 21 та масала, шу жумладан, 14 та қонун кўриб чиқилди.

Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама этилди.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилишича, мазкур қонун билан Жиноят кодексига жарима ихтиёрий равишда тўланганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлиги ҳақидаги норма киритилган.

Қонунга кўра, Жиноят кодексидаги 90 та моддада жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг ушбу тури қўлланилиши мумкин.

Бунинг учун тегишли моддада назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланаётган шахс, ўз айбига иқрор бўлиши, етказилган зарарни бартараф этиши ҳамда тегишли модда бўйича назарда тутилган жариманинг энг кўп миқдорига тенг суммани ихтиёрий равишда тўлаши керак бўлади.

Қонун жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги жиноий, жиноий-процессуал ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилгани қайд этилган.

Жумладан, Қонунда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Шунингдек, Қонунда ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида бўлган шахсга шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, ноқонуний аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилувчи бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Муҳокама чоғида Қонун қабул қилиниши жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлашга кўмаклашиши қайд этилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач юридик кучга эга бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Сенаторлар Жиноят кодексига ўзгартишлар киритишни маъқуллашди: Жарима тўлаб жавобгарликдан қутулиш мумкин