12:47 / 13.03.2019
4 456

Президент қарори: Мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институти жорий этилади

Президент қарори: Мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институти жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ижро тартиб - таомилларини янада соддалаштириш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини сўзсиз ва ўз вақтида ижро этишни таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда ижро иши юритувида сансалорликка чек қўйиш мақсадида Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатасининг 2019 йил 1 апрелдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институтини жорий этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинмоқда ва у қуйидагиларни назарда тутади:

· суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ундирувчининг аризаси бўйича 15 кундан кўп бўлмаган муддатга ижро иши юритишни тўхтатиб туриш учун асос ҳисобланади;

· томонлар ўртасида ижро предметига доир келишувга келмаслик, шунингдек, томонлардан бирининг медиацияни давом эттиришдан воз кечиши ёки уни амалга ошириш муддатининг тугаши ижро иши юритишни қайтадан тиклаш учун асос ҳисобланади. Бунда медиация тартиб-таомилини такроран амалга оширишга йўл қўйилмайди;

· томонлар ўртасида ижро ишининг ҳар қандай босқичида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича ижро предметига доир келишув расмийлаштирилган ҳолларда давлат ижрочиси ижро иши юритишни тугатади;

· медиация тартиб-таомилини амалга ошириш жараёнига давлат ижрочиси ва давлатнинг бошқа органлари вакилларининг аралашуви тақиқланади.

Белгиланаётган янги тартибга кўра, 2019 йил 1 июндан бошлаб:

· ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги масала ижро ҳужжати келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида ҳал этилади;

· ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, мазкур ҳаракатлар қарздорнинг аризасига ёки давлат ижрочисининг ўз ташаббусига кўра кўпи билан икки марта кечиктирилади;

· ижро ҳаракатларини бажаришда юзага келган масалаларни тушунтириш учун давлат ижрочиси томонидан тайинланган мутахассис ижрочининг қарори билан танишган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида ёзма хулоса тақдим этишга мажбур.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:

а) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Ижро ҳужжатларининг ягона электрон базасини юритади, унга тегишли маълумотлар базаси тизимлари билан интеграция қилиш йўли билан қуйидагилар киритиб борилади:

· ижро органлари юритувига келиб тушган барча ижро ҳужжатлари;

· маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколати бўлган органлар (мансабдор шахслар) томонидан солинган ва ундирилган маъмурий жарималар ҳақидаги маълумотлар;

б) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколати бўлган органлар (мансабдор шахслар)нинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддат давомида ихтиёрий тартибда бажарилмаган маъмурий жарималарни қўллаш тўғрисидаги қарорлари мажбурий ижро этиш учун электрон ҳужжат кўринишида автоматик равишда Мажбурий ижро бюросининг ахборот тизимига юборилади;

в) ижро ҳужжатларида ундирувчи ёки қарздорнинг электрон почтаси ёки телефон (мобил) рақами (агар улар судга ёки ижро ҳужжатини берган бошқа орган (мансабдор шахс)га тақдим этилган бўлса) ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги хабарнома унинг жўнатилганлиги ва қабул қилиниб олинганлиги фактларини қайд этиш имконини берувчи махсус автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобиль алоқа воситалари орқали қисқа хабар (SMS) кўринишидайўлланади;

г) Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани ва Навоий шаҳри Мажбурий ижро бюроси бўлимларида тажриба сифатида ижро ҳужжатларини автоматлаштирилган тизим орқали давлат ижрочилари ўртасида автоматлаштирилган тақсимлаш тартиби жорий этилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент қарори: Мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институти жорий этилади