17:07 / 25.03.2019
2 478

Деҳқонободда она ва бола саломатлигига эътибор суст(ми)?

Деҳқонободда она ва бола саломатлигига эътибор суст(ми)?
Деҳқонобод тумани “Бойқўрғон” қишлоғида жойлашган 1-ҚОП си ва унинг эски биносида жойлашган шифохонада бир ойда ҳомиладор аёлларнинг бешга яқин енгил туғруқлари амалга оширилади. Бироқ масаланинг яна бир томонига эътибор қаратишингизни лозим топдик.

Ўзбекистонда тиббиёт тизимида туб ислоҳотлар даври. Айни пайтда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланаяпти. Қишлоқ оилавий поликлиникалари янги ва замонавий тиббий ускуналар билан таъминланмоқда. Аммо, Деҳқонобод тумани марказидан 70 километр узоқликда жойлашган 1-сонли ҚОП сига масъуллар эътибори камроқ шекилли? Акс ҳолда бугунги кун талабига жавоб бермайдиган, маънан эскирган туғруқ жиҳозининг яроқлилик муддати ўтган бўлса ҳам фойдаланилмаган бўлар эди. Лекин… сиз тасвирда кўриб турган ушбу жиҳозда ҳозир ҳам туғруқ жараёнлари олиб борилмоқда.
Ёқа ушлашингиз аниқ, биз қайси замонда яшаяпмиз? Тиббиётда йўл қўйилган бундай камчиликдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабардормикин? Улар мана шу эски жиҳозда мурғак гўдак дунёга келишини биладими?

Бу ҳақда бизга муассаса бош шифокори Нурбой Хуррамов шундай изоҳ берди:
– Тўғри, бу жиҳоз анча экирган. Ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган, аммо наилож биз туман марказидан анча узоқда жойлашганмиз, шу боисдан қишлоқ аёлларининг енгил кечадиган туғруқларини шу ерда амалга оширишга мажбурмиз. Бу жараёнда кварц лампадан фаол фойдаланамиз. Лампа 70 градусли ҳароратда қиздирилади. Лекин болага биринчи тушадиган инфекциянинг олдини олишни кафолатламайди.

Мазкур ҚОП си 2 бинодан иборат бўлиб, бир қисмида амбулатор бир қисмида эса стационар тиббий хизмат кўрсатилади. Амбулатор хизмат кўрсатиладиган бино 2015 йилда қайта таъмирдан чиқарилган ва шароитларга эга, аммо бу ерда ҳам тозаликка етарли даражада риоя этилмаган.

ТОҒДА ОДАМ КАСАЛ БЎЛМАЙДИМИ?
Туманнинг энг катта аҳолиси жойлашган Оқработдаги ягона бўлиб турган қишлоқ врачлик пункти бугунги кун талабларига умуман жавоб бермайди. Олти минг бир юз эллик беш нафар аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган масканнинг ўзи ҳам моддий, ҳам маънавий кўмакка муҳтож. Бундай дейишимизга сабаб бор, албатта. Авваламбор, қишлоқ атрофи тоғлар билан ўралгани, об-ҳавонинг табиий тозалиги туфайли бу ернинг аҳолиси ҳар нарсага касалланиб қолишга одатланмаган. Буниси яхшику-я, аммо шунақа экан деб бутун бошли ҚВП мудири-ю, ходимлари ўз хизмат вазифаларини, шифокорлик тартиб-тамойилини унутиб қўйишлари ёки беэътибор бўлишлари қанчалик тўғри?

ШИФОХОНА БОР-У, ШИФОКОР ЙЎҚ
Тиббий-санитария ҳолатининг ачинарли аҳволда эканлиги, муассаса учун масъул мудирнинг йўқлиги, бош ҳамшира, ҳаттоки, қоровулни ҳам топиш амримаҳол бўлганидан рости, ҳайрон қолдик. Чунки, огоҳлик – давр талаби эканлиги барчамизга аён. Биз бир неча суратлар олгач, беихтиёр четдаги хонадан эшитилган овоз томон юрдик. Хайриятки, кимдир бор экан-эй деган хаёлда эшик тутқичига қўл узатдик, бизга пешвоз чиққан ва ўзини патронаж ҳамшира деб таништирган Моҳира Юсупова қўл ишораси билан ҳамкасбларини огоҳлантиргач, улар бироз сергак тортишга улгуришди. Вазият ҳақида берилган саволларимизнинг очиқ қолдирилишидан ҳам бу ерда тартиб-интизом ва масъулият қай даражада эканлигини англаш қийин бўлмади.

Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Фармон Жалилов:
- Биласиз, Деҳқонобод ҳудуди жиҳатидан анча кенг ва аҳолиси тарқоқ жойлашган туман ҳисобланади. Бу дегани биз ишламаймиз дегани эмас, лекин бизнинг имконият даражаларимиз моддий маблаққа ҳам боғлиқ. Юқоридаги ҳолат бўйича шуни айтишим мумкинки, Бойқўрғон қишлоғидаги 1-сонли ҚОП сининг бир қисми таъмирдан чиқарилган ва ҳозирги кунда ўз фаолиятини давом эттираяпти. Аммо, сиз кўрган жиҳоз жойлашган бинога маблағ етмагани туфайли таъмирдан қолиб кетди. Бунинг устига “Саломатлик-3” лойиҳасига биноан мазкур ҚОПга аёллар тиббий кўриги учун алоҳида жиҳоз ҳам ажратилган, фақат унда туғруқни амалга ошириб бўлмайди.

Аммо, Фармон Жалилов муассасаларнинг масъулиятсиз раҳбарлари, бепарво ходимлар ва тозаликка қаратилмаган эътибор ҳақидаги саволларимизга аниқлик кирита олмади.

Юқоридаги ҳолат бўйича хулосани ўзингизга қолдирамиз.
Дилшод НАБИЕВ,
Муқаддас ИСМОИЛОВА

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Деҳқонободда она ва бола саломатлигига эътибор суст(ми)?