16:43 / 25.03.2019
2 975

Ғузорда боғча қурилиши учун ажратилган маблағ қаерга кетди…?

Ғузорда боғча қурилиши учун ажратилган маблағ қаерга кетди…?
Сиз кўриб турган бу манзара Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги «Халқобод» қишлоғида жойлашган 11-сонли мактабгача таълим муассасасида суратга олинган.

1973 йилда қурилган бинода ободонлаштириш ишлари яхши бажарилган, бироқ ошхонада аянчли вазиятни кўриб, наҳотки болаларга шундай шароитда таом тайёрланади, деган хаёлга борасиз.

Одатда боғча ҳамшираси болалар боғчасида санитария-эпидемия режимини назорат қилади, шунингдек кундалик режимга, болалар овқатланишига, эрталабки машқларнинг тўғри ўтказилишига, жисмоний тарбия машғулотларига риоя этилишини текшириб боради. Бироқ, боғча ҳамшираси ўз вазифаларини тўлиқ билмайди, шекилли. Билганида эди, муассасада санитария талаблари бажарилган бўлар эди.

- Мен шу боғчани созлайман деб анчадан бери ҳаракат қиламан, - дейди 11-мактабгача таълим муассасаси мудираси Саломат Муродова. Бироқ ҳаракатларим натижа бермаяпти. Ҳеч ким тингламаяпти. Ўтган 2018 йилда боғча капитал таъмирлаш учун давлат дастурига киритилган эди. Ҳаттоки лойиҳа ҳам ишлаб чиқилди. Лекин боғчамизда қурилиш ишлари бажарилмади. Биз ҳам янги, замонавий ва шароитларга эга боғчада ишлашни истаймиз. Истагимиз амалга ошадими йўқми, билмадик.

Масалага ойдинлик киритамиз:
– Туманимизда 11-боғчанинг аҳволидан ҳам оғир боғчалар бор, -дейди Ғузор тумани мактабгача таълим бўлими мудираси Шаҳло Болтаева. Буни инобатга олиб, жорий йил бир неча мактабгача таълим муассасасида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилади. Маълумот ўрнида айтишим мумкинки, ўтган 2018 йилда туманимизда оғир ҳолатдаги яна 2 та боғча капитал таъмирланган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади?

11-мактабгача таълим муассасаси мудираси таъкидлашича, боғча 2018 йилда капитал таъмирлаш учун давлат дастурига киритилган экан. Агарда дастурга киритилган бўлса, унда қурилиш ишлари учун маблағ ажратилади ва ажратилган маблағ эвазига қурилиш лойиҳаси ишлаб чиқилади. Боғчанинг қурилиш лойиҳаси бўлимда бор. Аммо бу ишлар учун ажратилган маблағ қаерга сарфланган? Ёки қурилиш лойиҳаси ишлаб чиқилмаган эдими? Хўш боғча мудирасининг эътирозлари нечоғлик тўғри?
Дилшод НАБИЕВ


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Ўзбекистон » Ғузорда боғча қурилиши учун ажратилган маблағ қаерга кетди…?