22:05 / 08.04.2019
5 217

Қамашида долзарб муаммо, «масъулиятсиз» раҳбарлар бунга бепарво…

Қамашида долзарб муаммо, «масъулиятсиз» раҳбарлар бунга бепарво…
Қашқадарё вилояти Қамаши тумани…
Ҳудудда айни кунларда қурилиш ва бунёдкорлик ишлари бошланган.
Қамашининг қиёфасини ўзгартириш, одамларга иш ўрни яратиш мақсадида янги ишлаб чиқариш объектлари фаолиятини йўлга қўйиш мақсад қилинган.

Бироқ эътиборсизликми ёки масъулиятсизлик туфайли кўп йиллардан бери ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас.
Бугун шу ҳақида кўрган кечирганларимизни гапирамиз…!

Томорқа ва ободонлаштириш ишлари суст

Қамашида 51 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, ҳар бир маҳаллада Президентимиз томонидан жорий йил 22 февралда ўтказилган видеоселекторда берилган топшириқлар ижроси юзасидан амалий ишлар якунланиши керак.

Селекторда март-апрел ойларида томорқага экин экиш ишлари янги тизимда, кенг жамоатчилик иштирокида ташкил қилиниши, Халқ қабулхоналари раҳбарлари маҳалла раислари билан бирга уйма-уй юриб, аҳоли талаблари асосида уларга кўмак бериши алоҳида таъкидланган эди.
Аммо Тумандаги «Қишлиқ» маҳалла фуқаролар йиғинида бундай ишлар бажарилмаган. Бажарилган бўлсада «мендан кетгунча » қабилида йўл тутилган.

Эгасиз ва таъмирталаб маҳалла идораси


Сиз тасвирда кўриб турган уй «Қишлиқ» маҳалласи фойдаланишида бўлиб турган бино ҳисобланади. Кўриб турганингиздек, бу «уй»ни маҳалла эканига ишониш қийин.
Аммо ҳар жиҳатдан эскирган ва таъмирталаб бинода маънавият маскани деб аталмиш маҳалла жойлашган.
Бино атрофидаги кўлмакдан ҳосил бўлган манзарани кўриб киши кўнгли ғаш тортади. Эшикгача боргунча бу кўлмаклардан кечиб ўтишдан бошқа чорангиз йўқ…
Бирор кимса бор эканми, деб синиқ деразалардан мўраладик. Афсуски, ичкаридан ҳеч бир садо келмади.
Бизга пешвоз чиққан маҳалла инспекторининг бу борада фикри билан қизиқдик:

- Мени бу маҳаллага ишга ўтганимга атиги 5 кун бўлди. Авваллари «Элобод» маҳалласида фаолият кўрсатганман. Бу ерга келиб, тартибсизлик ва эътиборсизликдан ўзим ҳам ҳайратга тушдим.

Қулаш xавфидаги кўприк

Қишлиқда селдан ҳосил бўлган дарё ҳам бор. Қишлоқ ўртасидан ўтган сел тошқинлари ҳудудни иккига бўлиб қўйган ва бу орқали дарё вужудга келган.
Асосий муаммо дарёда эмас балки аҳоли фойдаланишида бўлиб турган кўприкнинг таъмирталаб эканлигидадир.
– Кўриб турганингиздек кўпригимиз аянчли ҳолатга келиб қолган,- дейди маҳаллада истиқомат қилаётган фуқаролардан бири Ҳамза Дубаков. Ёмғир ёғса, сел келса ўртада катта чуқур пайдо бўлади ва кўприкдан ўтиш xавфи ортади.
Биз эса бундан ҳавотирдамиз. Чунки қишлоғимиз аҳолисининг кўпчилиги шаҳар марказига бориш учун шу кўприкдан фойланишади.

Раис нима дейди?

- Маҳалламизда 9 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади,- дейди «Қишлиқ» МФЙ раиси Карол Бухоров. Биз ҳар бир хонадонга кириб ободонлаштириш ишлари бўйича огоҳлантириш хатларини берганмиз. Бироқ фуқароларимиз эринчоқ. Ўз ҳовлисида томорқа ташкил қилиш четда турсин ҳаттоки, тоза-озода тутишмайди. Менинг ўзим ва котиб ҳозирда ишлашга жуда қийналаяпмиз. Чунки аҳоли сони кўп. Ҳар бир хонадонга кириб тушунтириш ишларини олиб боришга улгурмаяпмиз.

Маҳалла биноси борасида гапирадиган бўлсам, сиз кўрган бино аслида «Почта» хизмати балансида турибди. Биз вақтинчалик ижара учун фойдаланаяпмиз. Ҳокимликка маҳаллада бино йўқ эканлиги борасида бир неча бор хат қилиб берганман. Лекин улардан ҳам аниқ жавоб олганим йўқ. Кўприкнинг ҳолати ҳақида ҳамма билади. Бироқ биласиз кўприк қуриш осон эмас. Шу боис бу муаммо юзасидан аниқ маълумот беролмайман.

«Қишлиқ»да ечимини кутаётган юқоридаги долзарб муаммолар юзасидан туман ҳокимлиги биноси томон йўл олдик. Афсуски туман ҳокимлигидан ҳеч бир мутасадди раҳбарларни топа олмагач, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қамаши туман кенгашига бордик.
Бизни қаршилаган диний масалалар бўйича ўринбосар ҳеч бир саволимизга аниқлик киритиб беролмади. Кенгаш раисининг биринчи ўринбосарини эса иш жойидан топа олмадик.

Ўрганиш ишларимиз жараёнида аниқ бўлдики, ҳудуддаги муаммолар маҳалла фуқаролар йиғини мутасадди ташкилотлар томонидан эътиборсиз қолдирилган. Биз масалага ойдинлик киритиш учун туман ҳокимлиги мутасаддилари билан учрашмоқчи эдик. Афсуски, уларнинг иши кўплиги боис бунинг имкони бўлмади.
Дилшод НАБИЕВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Қамашида долзарб муаммо, «масъулиятсиз» раҳбарлар бунга бепарво…