12:00 / 13.04.2019
3 233

Uzcard Humo тизими бўйича тарқалган маълумотлар юзасидан баёнот берди

Uzcard Humo тизими бўйича тарқалган маълумотлар юзасидан баёнот берди
Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази (ЯУПМ) оммавий ахборот воситалари орқали Uzcard банклараро тўлов тизими фойдаланувчиларига банк хизматларини кўрсатишдан бош тортилгани ҳамда бир қатор банк ходимлари томонидан Humo тўлов тизимининг қизиқишлари тарғиб этилган ҳолатлар қайд этилганини маълум қилди.

Humo банклараро Миллий процессинг маркази (БМПМ) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузурида ташкил этилиб, ҳозирда мамлакат бўйлаб терминал тармоқни жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. БМПМ тизимини жорий этиш ишлари давомида банк ходимлари томонидан Humo БМПМ фаолияти билан боғлиқ равишда Uzcard банклараро тўлов тизимининг фаолияти тўхтатилиши борасида асоссиз маълумотлар тарқатилиши кузатилди, дейилади Uzcard хабарида.

Қайд этилишича, Uzcard банклараро тўлов тизими 17 миллиондан ортиқ пластик карталарга хизмат кўрсатмоқда ҳамда фаол ишламоқда. ЯУПМ ҳуқуқий норма, норматив ҳужжат, дастурий-техник ишланмаларга асосланган ҳолда ташкилий-техник инфраструктурага мувофиқ провайдерлик вазифасини бажаради. ЯУПМ ҳамда банклар ўртасидаги шартномага асосан, ҳамкорлар томонидан тарқатилаётган асоссиз маълумотлар эгаси жавобгарликка тортилади.

Бугунги кунга келиб, Uzcard банклараро тўлов тизим иштирокчилари томонидан ЯУПМ ҳамда банк ўртасидаги шартномани бекор қилиш сўровлари қайд этилмаган.

Uzcard банклараро тўлов тизими фойдаланувчилари, жумладан, савдо-хизмат ташкилот вакилларидан қуйида келтирилган ҳолатларда мижозларни қўллаб-қувватлаш маркази ва ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат этиш сўралган:

– тижорий банклар томонидан Uzcard ҳисоб терминаллари мажбурий тарзда қайтариб олиниши;
– тижорий банклар ва савдо-хизмат ташкилотлари томонидан Uzcard пластик карталарига хизмат кўрсатишдан бош тортиш;
– банк ходимлари томонидан амалдаги Uzcard пластик карталарни Humo тўлов тизими карталарига алмаштиришга қаратилган тарғибот;
– Uzcard пластик карталарига хизмат кўрсатиш, жумладан, карталардан нақд пулни ечиб олишдан бош тортиш;
– Uzcard банклараро тўлов тизими фойдаланувчилари орасида асоссиз жамоатчилик фикрини ва компанияга тегишли салбий имижни шакллантиришга тегишли ноқонуний хатти-ҳаракатлар кузатилиши.

Билдирилишича, Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган 29 та банкка 15 йил давомида процессинг хизматларини кўрсатиб келмоқда. Uzcard карта эгаси 285 мингдан ортиқ POS-терминаллари орқали тўловларни амалга ошириш имконига эга. Мамлакат бўйлаб 1500 дан ортиқ банкомат ва 3000 дан ортиқ инфокиоск, мобил илова ва интернет сайтлар орқали хизмат турлари амалга ошириб келинмоқда.

“Компаниямиз томонидан UnionPayInternational ва Mastercard халқаро тўлов тизимлари эквайринги ташкил этилди. Шунингдек, Uzcard ва Россия Федерациясининг “Мир” тўлов тизими ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Келишувга асосан, “Мир” тўлов тизимига тегишли пластик карталар Uzcard тўлов тизими инфраструктурасида қабул қилиниши белгиланган бўлиб, ушбу жараён 2019 йил якунигача амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, шу кунларда ЯУПМ ҳамда Visa халқаро тўлов тизими иштирокида “Uzcard терминал тармоғида Visa карталарининг эквайрингини ташкил этиш” лойиҳаси муваффақиятли якунига етказилди. Унга кўра, “Капиталбанк”нинг POS ва АТМ терминаллари Visa халқаро карталарига хизмат кўрсатишга тайёрланди.

Карта эгаларига тегишли маълумотлар махфийлигини сақлаш мақсадида ЯУПМ томонидан ҳар йили PCI DSS ва PIN SecurityRequirements 2.0. сертификатлари янгиланади. Жумладан, Visa PIN Security хавфсизлик стандарти мувофиқлиги бўйича 33 та мажбурий талаблар бажарилди.

Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази компанияни ривожлантириш ва давр талабларига ҳамнафас инновацион ечимларни татбиқ этган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси банк-молия секторида IT соҳасини ривожлантириб келмоқда. Ўтган давр мобайнида, тижорий банклар, мобил тўлов тизимлари операторлари ҳамда бошқа нақд пулсиз ҳисоб-китоблар бозорининг қатнашчилари ҳамкорлигида қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди”, - дейилади Uzcard баёнотида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Uzcard Humo тизими бўйича тарқалган маълумотлар юзасидан баёнот берди