09:35 / 30.05.2019
3 119

Республика ўғил болалар ва Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси муассасаси ташкил этилди

Республика ўғил болалар ва Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси муассасаси ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси президенти “Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг Бахт шаҳридаги ўғил болалар махсус коллежи, Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи, Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар мактаб-интернати ва Чиноз туманидаги 5-сонли қиз болалар мактаб-интернатининг негизида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси Тошкент вилояти, Чиноз тумани, “Гулзоробод” маҳалласи манзилида;
Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, Бахт шаҳри “Тадбиркор” маҳалласи манзилида жойлаштирилади.

Қуйидагилар:
Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига;
Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига бириктирилди.

Белгилаб қўйилишича:
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлиги тегишинча Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасининг ўз вақтида тўлиқ таъминоти ва маиший шарт-шароитлари яхшиланишига кўмаклашиш, ушбу муассасаларда маънавий-маърифий ишларнинг замонавий усул ва шаклларидан фойдаланилган ҳолда соғлом ва жисмонан бақувват, руҳан тетик, билимли, ватанпарвар, фидойи, дунёқараши кенг ёшларни шакллантириш, тарбияланувчиларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Республика ўқув-тарбия муассасаларида сифатли тарбия ва таълим жараёнини йўлга қўйиш, тарбияланувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга масъул ҳисобланади.

Белгиланишича:
а) Республика ўқув-тарбия муассасаларига 14 ёшга тўлган ва 18 ёшдан ошмаган вояга етмаганлар жойлаштирилади;
б) Республика ўқув-тарбия муассасаларига қуйидагилар:

ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган;

айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб жиноий жавобгарликдан озод қилинган, материаллар вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга кўриб чиқиш учун топширилган бўлса;

Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тариқасидаги мажбурлов чораси қўлланилган ҳолда жиноий жазодан озод қилинган вояга етмаганлар;

якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамай мунтазам равишда ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётган вояга етмаганлар суд қарори асосида жойлаштирилади;

в) 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:
мазкур банднинг "б" кичик бандида кўрсатилган вояга етмаганлар фақат Республика ўқув-тарбия муассасаларига ўқишга қабул қилинади;

Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи ва Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар мактаб-интернатига вояга етмаганларни қабул қилиш тўхтатилади;

Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи ва Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар мактаб-интернатида тарбияланаётган вояга етмаганлар ўқишни ушбу муассасаларда белгиланган тартибда тугатадилар;

г) Республика ўқув-тарбия муассасаларидаги гуруҳлар ва синфларда ўқувчилар билан тўлдирилиш 15-20 нафар этиб белгиланади, истисно тариқасида тегишли молия органлари билан келишилган ҳолда ушбу муассасаларда ўқувчилар сонидан қатъий назар синфлар очишга рухсат этилади;

д) ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар назоратисиз ва қаровсиз қолган, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оилаларда яшаётган, шунингдек, давлат ва жамоатчилик ёрдамига муҳтож бўлган бошқа вояга етмаганлар уларнинг хулқ-атвори, психологик портрети, ёши, иқтидори, қобилияти, қизиқишлари ва бошқа омилларни инобатга олган ҳолда вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссия тавсиясига асосан тегишли вазирлик ва идоралар қарорлари (йўлланмалари) асосида ўқув йили давомида иловадаги вазирлик ва идоралар тасарруфидаги умумтаълим ёки ихтисослаштирилган таълим муассасаларига жойлаштирилади;

тасарруфида умумтаълим ёки ихтисослаштирилган таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар тавсиясига асосан Муассасаларга юборилаётган вояга етмаганлар учун Муассасаларнинг қабул квотасидан ташқари 5 фоизгача қўшимча квоталар ажратади;

Муассасаларга юборилаётган вояга етмаганлар таътил вақтида агар уларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш имкони бўлмаса Муассасаларда ўқув жараёни бошлангунга қадар туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида тегишли халқ таълими органининг йўлланмаси бўйича вақтинча “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланадилар;

е) тасарруфида умумтаълим ёки ихтисослаштирилган таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар:

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар тавсиясига асосан юборилаётган вояга етмаганларни Муассасаларга истисно тариқасида бепул асосда, синовларсиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилади;

вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар тавсиясига асосан қабул қилинган ҳар бир вояга етмаган учун алоҳида мураббий бириктиради ва унинг таълим-тарбиясини доимий равишда назорат қилади, уларни Муассасаларни битиргандан кейин иш билан таъминлашда кўмаклашади;

ж) ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари кўпи билан қирқ беш кун муддатда вояга етмаганни Муассасага ёки Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссияга хулоса тақдим этади;

з) 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари, шу жумладан, тарбиячилар ва тарбиячи ёрдамчиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун базавий тариф ставкасининг 75 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама ҳақи тўланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Республика ўғил болалар ва Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси муассасаси ташкил этилди